Украинадаги Каховска ГЭС портлатилиши мумкин
Олам
−
20 Октябрь 2022
10892Украинанинг Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховска гидроэлектр станцияси тўғонига ҳужум уюштирилиши мумкин. Эҳтимолий ҳужумни Россия ва Украина уюштириши мумкинлиги айтилмоқда.
Каховка туманининг Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Леонтьев РИА Новостига Украина Каховска ГЭСга денгиз миналари билан ҳужум қилиши мумкинлигини айтган.
“Бу муболаға эмас, балки ишончли маълумот. Бу маълумот аввал ҳам бўлган, аммо ҳозир катта эҳтимол билан кутилмоқда. Айниқса, сув оқимининг кўпайиши туфайли оқим кучайганини ҳисобга олсак, миналардан фойдаланиш эҳтимоли жуда катта”, дейди Леонтьев.
Унинг сўзларига кўра, март-апрель ойларида ҳам Украина Днепр бўйлаб Каховска ГЭС йўналишида тўғонни бузиш учун миналардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар эълон қилинган.
“Биз шаҳар ва унинг атрофидаги вазиятни назорат қиламиз. Стратегик объектлар хавфсизлиги ва мудофааси кучайтирилди”, дейди туман раҳбари.
Айни вақтда, Америка урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари Россия расмийларининг Херсон вилоятидаги вазият тўғрисидаги баёнотларини таҳлил қилиб, Москва, афтидан, режали чекиниш ва Херсондаги улкан йўқотишларини оқлаш учун ахборот майдонини олдиндан шунга тайёрлаяпти, деган хулосага келди. Бу ҳақда BBC ёзмоқда.
Таҳлилчиларнинг хулосасига кўра, Россия ҳарбий қўмондонлиги Украинанинг Харьков вилоятига қарши ҳужум пайтидаги олдинги маълумотлардан ва операцион муваффақиятсизликлардан сабоқ олган ва шунинг учун Украинанинг навбатдаги муваффақиятли ҳужумининг оқибатларини минималлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Айтиш жоизки, Каховска гидроэлектр станцияси Днепр гидроэлектр станциялари каскадининг олтинчи (пастки ва охирги) босқичидир. У Херсон вилояти Новая Каховка шаҳридан беш километр узоқликда жойлашган.
Мусулмон Зиё
LiveБарчаси