Россия Сомалининг қарзларидан кечиб юборди

Олам

image

Ғарбга қарши туриш учун ишончли иттифоқчилар излаётган Россия Сомалининг қарзларидан бир қисмини бекор қилди. Бу ҳақда Санкт-Петербургда ўтаётган Россия-Африка саммитида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Сомалининг қарзларини қисман бекор қилиш бўйича келишувга эришилган. Сомали Бош вазири ўринбосари Салаҳ Аҳмад Жаманинг сўзларига кўра, умумий қиймати 691 миллион доллар бўлган қарзлар бўйича "иккита тарихий ҳужжат" имзоланган. Улардан бири СССР давридан қолган қарзга тегишли – 1961 йилда Сомали Марказий банки ҳисобларида тўсиб қўйилган 7,5 миллион доллар бўлса, иккинчиси – Сомалининг Париж кредиторлар клуби олдидаги мажбуриятлари.

Таъкидланишича, қарзларнинг бир қисми дарҳол ҳисобдан чиқарилади. Қолган қисми учун эса Россия янги тўлов жадвалига рози бўлган.

“Кўп йиллик музокаралардан сўнг, ниҳоят, Сомали учун жуда муҳим бўлган ушбу икки ҳужжатни имзолашга муваффақ бўлганимиздан жуда мамнунмиз. Биз Россия ва унинг халқига миннатдорчилик билдирамиз. Бу жуда катта маблағ ва [ҳужжатларнинг имзоланиши] молиявий ва пул-кредит сиёсатимизни тўғрилаш мақсадимизга яқинлаштиради”, дейди Аҳмад Жама.

Сомали Бош вазири ўринбосари ушбу икки ҳужжатнинг имзоланишини “Россия ва Сомали муносабатларидаги тарихий лаҳза”, деб атаган.

Умуман олганда, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг март ойида Африка мамлакатларининг умумий ҳисобда 20 миллиард долларлик қарзларидан воз кечилганини эълон қилганди. Жумладан, Анголанинг СССРдан қурол сотиб олиш натижасида келиб чиққан 3,5 миллиард доллар, Эфиопиянинг 5 миллиард, Жазоирнинг 5,7 миллиард, Ливиянинг 4,5 миллиард доллар қарзидан кечилган.

Россия ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакат хорижий давлатлар ва юридик шахслардан атиги 33,8 миллиард рубль (376 миллион доллар) қарздорликни ундирган.

2021 йилга нисбатан тушумлар 3,3 баробар камайган ва уларнинг умумий ҳажми 2012 йилдан бери энг паст кўрсаткичга тушган. Шу билан бирга, қарзларни тўлаш режаси (138,5 миллиард рубль) атиги 24 фоизга бажарилган. Бошқача айтганда, бу миқдорнинг тўртдан уч қисми, яъни 100 миллиард рублдан кўпроғи бюджетга тушмаган.

Россияга “дўст” бўлган давлатларга ва хорижий лойиҳалар учун ажратилган кредит маблағларнинг қайтариб олинмаслигига мамлакат Молия вазирлиги, Марказий банки, ҳукумат ва барча йирик давлат банкларига нисбатан қўлланилган санкциялар сабаб бўлган.

Россия-Африка саммити

27-28 июль кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида иккинчи бор ўтказилаётган саммитда асосий масала Африка мамлакатларининг озиқ-овқат хавфсизлиги мавзуси бўлмоқда. Ушбу саммит Россия Қора денгиз дон йўлаги келишувидан чиққанидан ўн кун ўтиб ўтказилаётгани эътиборга молик. Кўпчилик таҳлилчилар томонидан Россия бу саммит орқали ўзининг Африка қитъасидаги таъсирини кенгайтиришни мақсад қилгани айтилмоқда. Бироқ, 2019 йилда Сочида бўлиб ўтган худди шундай саммитдан фарқли ўлароқ, бу сафар Россияга бор-йўғи 17 та давлат раҳбари ташриф буюрди. Тўрт йил аввал унда 43 нафар давлат раҳбари қатнашган. Россия бу галги саммитга бир қанча Африка етакчиларининг ташриф буюрмаганида Ғарбни уларга нисбатан босим ўтказиш ва шу орқали Санкт-Петербургдаги саммитни саботаж қилишда айблади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Африка давлатларини биргаликда АҚШ долларидан воз кечишга чақирганди. Шунингдек, Путин Россия яқин 3-4 ой ичида Африканинг айрим давлатларига 25-30 минг тонна донни текинга етказиб беришини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сомали қарзлар Россия-Африка саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг