Россия Шимолий Кореядан меҳнат мигрантларини жалб қилиши мумкин
Олам
−
01 Август 2023
8196Россия ҳукумати кадрлар тақчиллигини ҳал қилиш учун Шимолий Кореядан мигрантларни жалб қилиши мумкин. Бу ҳақда “Единой России” партияси минтақавий бўлими раҳбари Александр Калининга таяниб, “Ведемости” хабар берди.
Калининнинг таъкидлашича, Россияда савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кадрлар етишмайди. Шу муносабат билан, мамлакатга қўшимча миграция оқимини жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
“Биз Шимолий Кореяга [буни] таклиф қилганмиз ва таклиф қилишда давом этмоқдамиз. Бу Узоқ Шарқ учун ниҳоятда муҳим”, дейди у КХДР фуқароларининг меҳнат фаолиятига қўшимча имкониятлар очилишига ишора қилиб.
Расмийлар Россия меҳнат бозорида кадрлар етишмовчилиги мавжудлигини тан олмоқда.
“Бугунги кунда ишлаб чиқариш саноатида муҳандис кадрларнинг катта танқислиги мавжуд”, дейди Россия Меҳнат вазири Антон Котяков.
Россия Марказий банки таҳлилларига кўра, машинасозлик соҳасидаги корхоналарнинг қарийб 75 фоизида кадрлар етишмовчилиги қайд этилган.
Россия Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти тадқиқотига кўра, сафарбарлик бошлангандан сўнг, Россиядаги ҳар иккинчи компания кадрлар етишмаслигига дуч келган. Кадрлар танқислигига Украинадаги урушга кўнгиллиларни ёллаш, русларнинг оммавий эмиграцияси ва пандемиядан кейин иқтисодиётни қайта қуриш каби омиллар сабаб бўлгани айтилган.
Россия Меҳнат вазирлиги меҳнат бозоридаги муаммоларни юмшатиш учун бир қатор чора-тадбирларни тайёрлаяпти. Департамент ходимларни ҳарбий-саноат корхоналарида ишлаш учун қайта тайёрлашни, бўш иш ўринларини “Работа в России” давлат порталига жойлаштиришни ва ишсизларни ишга олишни субсидиялашни режалаштирмоқда.
LiveБарчаси