Россия шаҳарларида сафарбарликка қарши намойишлар бошланди – ОАВ

Олам 17602
image

Россия шаҳарларида сафарбарликка қарши намойишлар бошланди. Сибир ва Узоқ Шарқда одамлар ҳибсга олинишидан қўрқиб, шаҳарларнинг марказий майдонларига шиорлар ва плакатларсиз чиқишади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

Екатеринбургда Меҳнат майдонида ҳам “қисман сафарбарлик”га қарши митинг бўлиб ўтмоқда. Маҳаллий нашрларга кўра, хавфсизлик кучлари митингда камида 40 кишини ҳибсга олган.

Одамлар майдонга тўплана бошлаганидан 20 дақиқа ўтгач, полиция ходимларидан бири овоз кучайтиргичда намойишчиларга “рухсат этилмаган тадбир”дан кетиш учун 30 сония вақт беришини айтди. “Вечерние ведомости” хабарига кўра, 28 нафар маҳбус аллақачон 1-шаҳар ички ишлар бўлимига олиб кетилган, жой етарли бўлмагани учун улардан ўн нафари кейинчалик 5-бўлимга ўтказилган.

“ОВД-Инфо” инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, Россиянинг саккиз шаҳрида Москва вақти билан соат 17:00 га келиб хавфсизлик кучлари “қисман сафарбарликка2 қарши намойишларда 66 дан ортиқ одамни ҳибсга олган. Гап Москва, Улан-Удэ, Железногорск, Екатеринбург, Новосибирск, Иркутск, Красноярск ва Томск ҳақида бормоқда. Энг кўп одам Томскда ушланган – 35 киши. 

“Сибир. Реалии”нинг ёзишича, Иркутскда ҳибсга олинганлар сони 20 га яқинлашмоқда, Томскдаги Ново-Соборная майдонида камида уч намойишчи ушланган.

Москва прокуратураси россияликларни митингларда қатнашиш ва уларни билдиришномасиз ташкил қилиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақдаги эълон прокуратура сайтида эълон қилинган.

Департаментнинг аниқлик киритишича, булар акция ўтказиш қоидаларини бузиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 20.2-моддаси), армияни “обрўсизлантириш” (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 20.3.3-моддаси), болаларни жамиятга қарши ҳаракатларга жалб қилиш (Жиноят кодексининг 151-моддаси), ҳарбий “фейклар” (Жиноят кодексининг 207.3-моддаси) ва оммавий тартибсизликлар (Жиноят кодексининг 212) моддаларидир.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра 300 минг Россия фуқароси жанговар ҳудудга боради.

Орадан кўп ўтмай Россиядаги “Баҳор” ёшлар ҳаракати Владимир Путиннинг қисман сафарбарлик эълон қилишига жавобан мамлакат бўйлаб намойишлар ўтказишга чақирди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 435
Рейтинг: 3
t
×