Россия санкциялар сабаб қанча самолётидан айрилгани очиқланди
Олам
−
22 Март 2022
11154Ғарб давлатлари томонидан киритилган санкциялар туфайли Россия авиакомпаниялари 78 та самолётини йўқотди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Транспорт вазири Виталий Савельев маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, мамлакат авиакомпаниялари 1 367 та самолётдан 78 тасини йўқотган. Уларнинг барчаси хорижда ҳибсга олинган.
Савельев, шунингдек 800 га яқин самолёт Россия реестрига ўтказилганини таъкидлаган.
Аввалроқ, АҚШ ҳаво ҳудудини барча рус самолётлари учун ёпганига жавобан Россия Федерацияси дунёнинг 36 мамлакати авиакомпанияларига ўз ҳаво ҳудудида парвозларни тақиқлаганди.
Шунингдек, Европа Иттифоқининг 27 давлати Ташқи ишлар вазирлари Россия самолётлари учун ҳамжамият ҳаво ҳудудини тўлиқ ёпганди.
Эслатиб ўтамиз, Ғарб мамлакатлари Украинада бошланган урушга жавобан Россияни ҳар томондан сиқувга олиб, оғир санкцияларни қўллай бошлади. Рубль курси қулади, Россия банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захиралари блокланди. Миллардерларнинг ҳам чет элдаги кўплаб ҳисоблари музлатилди.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
Бундай санкцияларга Россия ҳам жим қараб турмаяпти. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги 15 март куни АҚШга қарши жавоб санкцияларни эълон қилди. Москва “қора рўйхат”га АҚШ Президенти Жо Байден, Давлат котиби Энтони Блинкен, Мудофаа вазири Ллойд Остин, АҚШ Президентининг ўғли Хантер Байден ва бошқаларни киритган.
Россияга қарши санкциялар жорий этиш давом этмоқда.
LiveБарчаси