Россия рамзи туширилган кийимдаги Ўзбекистон фуқароси Украинага киритилмади
Олам
−
12 Декабрь 2021
8125Украина Давлат чегара хизмати Россия Федерацияси рамзлари туширилган кийимда бўлган Ўзбекистон фуқаросини мамлакат ҳудудига киритмади. Бунга расмий сабаб сифатида у сафар мақсадини тасдиқлай олмагани кўрсатилган. Бу ҳақда Давлат чегара хизматига таяниб хабар берилган.
“Борисполь” назорат-ўтказиш пунктида Россия рамзлари туширилган кийимда келган Ўзбекистон фуқароси Украинага киритилмади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, эркакнинг кийимида Россия байроғи ва герби тасвирлари ҳамда “Russian national team” ёзуви бўлган.
Давлат чегара хизматининг қайд этишича, “чуқур текшириш” чоғида Ўзбекистон фуқароси “барча украиналиклардан кечирим сўраган”.
“Аммо бу хорижлик фуқарога Украина чегарасини кесиб ўтишга ёрдам бермади, чунки чегара назорати вақтида у сафар мақсадини тасдиқлай олмагани маълум бўлди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, эркак ўз ташрифидан мақсад трактор сотиб олиш эканини айтган, бироқ буни ҳеч қандай тарзда тасдиқлай олмаган.
“Сўров давомида у ўз фермаси ҳақида, шунингдек кимдан қандай трактор олмоқчи экани ҳақида ҳеч нарса тушунтириб бера олмади. Шу билан бирга, саёҳатчининг ёнида нафақат қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш, балки меҳмонхона брон қилиш учун ҳам пул бўлмаган. “Фермер” қайтиш рейси билан Тошкентга учиб кетди”, дея қўшимча қилинган хабарда.
LiveБарчаси