Россия Польшадаги элчисига қилинган ҳужум юзасидан жиноий иш очди

Олам 9661
image

Россия Тергов қўмитаси 9 май куни Россиянинг Польшадаги элчиси Сергей Андреевга қилинган ҳужум юзасидан жиноий иш очди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“Россия Федерацияси Тергов қўмитаси мамлакатнинг Польшадаги элчисига қилинган ҳужум бўйича жиноий иш қўзғатди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Тергов қўмитаси ходимлари ҳужумчиларнинг ҳаракатларини халқаро ҳимоядан фойдаланадиган шахсларга ва уларнинг хизмат автомашиналарига нисбатан халқаро муносабатларни мураккаблаштириш мақсадида содир этилган ҳужум сифатида баҳолаб, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатган. 

Қўмитанинг фикрича, Украина фуқароси Ирина Земляна ва номаълум шахслар содир бўлган воқеа учун жавобгардир: улар нафақат элчига қизил суюқлик сепиб, балки дипломатнинг кўзойнаги, Георгий лентасини ва расмий шахснинг рўйхатга олиш белгиларини ҳам юлиб олган.

“Натижада, бу ҳаракатлар халқаро муносабатларни мураккаблаштириш мақсадида (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 360-моддаси 2-қисми) халқаро ҳимоядан фойдаланадиган шахсларга ва уларнинг хизмат воситаларига ҳужум қилиш сифатида баҳоланади”,  дейилади бошқарма хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 май куни Россиянинг Польшадаги элчиси Варшаванинг Жвирки ва Вигура кўчаларида жойлашган совет аскарларининг ҳарбий ёдгорлик қабристонига гул қўйишга келган вақтида бир гуруҳ шахслар томонидан унга қизил рангли бўёқлар улоқтирилди. Полиция аралашуви билангина дипломатик миссия вакиллари машинасига етиб олиб, воқеа жойини тарк этди.

Расмий Москва Россиянинг Польшадаги элчиси Сергей Андреевга уюштирилган ҳужум ва гулчамбар қўйиш маросимининг узилиши муносабати билан Варшавага кескин норозилик билдирди.

“9 май куни экстремистлар полициянинг тўлиқ ҳаракатсизлиги билан Варшавадаги Совет аскарлари қабристонига гул қўйиш маросимини тўхтатиб, Россия Федерациясининг Польшадаги элчиси Сергей Андреев ва дипломатик корпуснинг бошқа ходимларига нисбатан зўравонлик қўллашди. Польша ҳукуматига неонацист безориларни қўллаб-қувватлагани учун қаттиқ норозилик билдирилди”, дейилади ТИВ баёнотида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 201
Рейтинг: 3
t
×