Россия озар-арман чегарасидаги тўқнашув борасида тилга кирди
Олам
−
13 Сентябрь 2022
8599Россия Арманистон ва Озарбайжонни можаронинг янада кескинлашувидан тийилиш ва Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг 2020 йил ноябрь ойидаги баёнотларига мувофиқ ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилишга чақирди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида келтирилган.
“Биз томонлардан вазиятни янада кескинлаштирмасликни, вазминликни сўраймиз. Шунингдек, Россия, Озарбайжон ва Арманистон етакчиларининг 2020 йил 9 ноябрь, 2021 йил 11 январь ва 26 ноябрдаги уч томонлама баёнотларига мувофиқ ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий риоя қилишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, департамент расмий Москва 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон-Озарбайжон чегарасининг айрим ҳудудларида вазият кескинлашганидан ўта хавотирда эканини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Россия Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги вазият кескинлашуви муносабати билан Арманистондан келишув бўйича мурожаат келиб тушганини тасдиқлаган.
“Биз Баку ва Ереван билан яқин алоқадамиз. Биз Арманистон раҳбариятидан вазиятни мавжуд икки томонлама келишувларга мувофиқ ва КХШТ орқали ҳал қилишда ёрдам бериш сўралган мурожаатни олдик. Натижада келишувга эришилганига умид қиламиз. Шу йилнинг 13 сентябрь куни Москва вақти билан соат 9:00 дан бошлаб Россиянинг ўт очишни тўхтатиш бўйича воситачилиги тўлиқ ҳажмда амалга оширилади”, дейилади департамент баёнотида.
Шунингдек, баёнотда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги барча низолар фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этилиши лозимлиги қайд этиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокацияни амалга оширган эди.
Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди.
Расмий Бакуга кўра, 12 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь