Россия олтинларини “яшириб қўймоқчи”
Олам
−
22 Июнь 2022
13392Давлат Думаси депутатлари Россиянинг олтин ва валюта захиралари ҳажми ҳақидаги маълумотларни давлат сири деб тан олишга имкон берувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
“Давлат сири тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш таклифи июнь ойи бошида Россия ҳукумати томонидан парламентга киритилган эди. Тушунтириш хатида таъкидланишича, “хорижий давлатларнинг нодўстона хатти-ҳаракатлари муносабати билан” Россия Федерациясининг олтин захиралари ҳақидаги маълумотлар “дўст бўлмаган хорижий давлатлар”дан ҳимояланган бўлиши керак.
Кеча, 21 июнь куни “Reuters” манбалари олтинга қарши санкциялар ЕИнинг Россияга қарши навбатдаги, еттинчи чекловлар пакетига киритилиши мумкинлигини хабар қилганди.
Россия Молия вазири ўринбосари Алексей Моисеев чоршанба куни Россия олтин захиралари мамлакат ичида сақланаётганини, уларнинг ҳажми фақат ортиб бораётганини ва улар хорижга экспорт қилинмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, рус олтинлари икки жойда сақланади: Уралда ва “бу ерда, Москвага яқинроқ” жойда.
Украина билан уруш бошланишидан олдин, 2022 йил 18 февралда Россиянинг олтин-валюта захиралари ҳажми тарихий максимал даражага етди ва 643,2 миллиард долларни ташкил этди. Марказий банк статистикасига кўра, 10 июнь ҳолатига кўра, Россиянинг халқаро захиралари 594,6 миллиард долларга баҳоланган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати олтиндан аввал бюджет даромадларини ҳам махфийлаштиришга қарор қилганди.
LiveБарчаси