Россия нафақат Европа, балки дунёнинг етакчи терма жамоаларидан бири ҳисобланади – Равшан Эрматов
Спорт
−
24 Март 2023
7955Футбол бўйича Россия терма жамоаси нафақат Европада, балки жаҳонда ҳам етакчи жамоа бўлиб, унинг Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) чемпионатидаги иштироки турнирга қизиқишни оширади. Ушбу фикрни Ўзбекистон футбол ассоциасияси биринчи вице-президенти, CAFA ижроия қўмитаси аъзоси ТАСС'га берган интервюсида Равшан Эрматов айтиб ўтди.
У Россиянинг Марказий Осиё футбол ассоциацияси чемпионатида иштирок этишига оид фикрлари билан ўртоқлашди.
“Биринчидан шуни айтмоқчиманки, CAFA терма жамоалар ўртасида биринчи чемпионатни ўтказишдан жуда манфаатдор. Иккинчидан, тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Россиянинг “Спартак”, “Зенит”, “Динамо” каби топ-клублари бор. “Торпедо” Марказий Осиёнинг “Пахтакор”, “Помир” ва бошқа клублари билан ўйнарди, бу мухлисларда катта қизиқиш уйғотарди, стадион мухлислар билан тўларди. CAFA мусобақаси бошқа турнирларга тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан ҳам мухлислар, ҳам жамоалар учун жуда қизиқарли бўлади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан биз турнирни, машғулотларни, футбол майдонларини ташкил этишда энг юқори стандартларни таъминлашга кафолат берамиз”, дейди Эрматов.
ЎФА вице-президенти Россиянинг турнирда қатнашиши мусобақага бўлган қизиқишни янада оширишини таъкидлаб ўтди.
“Албатта, агар Россия иштирок этса, ҳам мухлислар, ҳам бошқа жамоалар ўртасида турнирга бўлган қизиқиш ортади. Чунки Россия нафақат Европа, балки дунёнинг етакчи терма жамоаларидан бири ҳисобланади”, дея қўшимча қилди Эрматов.
Жорий йилнинг 13 март куни Тожикистон футбол федерацияси матбуот хизмати Россия терма жамоаси 9—21 июнь кунлари Бишкек ва Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтадиган CAFA чемпионатида иштирок этишини маълум қилганди. Турнирда Россия терма жамоасидан ташқари, Тожикистон, Эрон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон терма жамоалари қатнашади. Шунингдек, мусобақага яна бир Осиё терма жамоасини таклиф этиш режалаштирилган.