Россия Мудофаа вазири америкалик мавқедоши билан қўнғироқлашди
Олам
−
12 Июль
7061АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин бугун, 12 июль куни Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх брифингда маълум қилди.
“Бугун эрталаб котиб Остин Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов билан телефонда гаплашди”, деди Сингх.
Унинг айтишича, суҳбат Россия томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган. Пентагон вакилининг сўзларига кўра, суҳбат чоғида Остин алоқа йўлларини очиқ сақлаш муҳимлигини таъкидлаган. У мудофаа идоралари раҳбарлари ўртасидаги суҳбатнинг қўшимча тафсилотларини келтирмади.
Сингхнинг сўзларига кўра, унинг Остин ва Белоусов ўртасидаги келажакдаги алоқалар эҳтимоли ҳақида “эълон қиладиган ҳеч нарсаси” йўқ.
“Аммо, вазир айтганидек ва мен бошида таъкидлаганимдек, ҳозир алоқа каналларини сақлаб қолиш жуда муҳим”, дейди Пентагон матбуот котиби ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, 25 июнь куни Белоусов Остин билан биринчи марта суҳбатлашган, суҳбат давомида улар Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилганди. Ўшанда мулоқот Америка томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтганди.
Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг таъкидлашича, бунгача америкалик ва россиялик вазирлар 2023 йил мартида гаплашган, ўшанда Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари Сергей Шойгу бўлган. Суҳбат Остиннинг ташаббуси билан бўлиб ўтган. Бироқ Райдер қўнғироққа нима сабаб бўлганига аниқлик киритмаган.