Россия МСК Дунцовани президентликка номзод сифатида рўйхатга олмади
Олам
−
25 Декабрь 2023
7405Россия Марказий сайлов комиссияси ржевлик журналист Екатерина Дунцовани Россия Федерацияси президентлигига номзод қилиб кўрсатиш бўйича ташаббус гуруҳини рўйхатга олишдан бош тортди. Бу ҳақда Дунцованинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида маълум қилди.
Комиссия журналистга унинг ташаббус гуруҳи аъзоларининг 20 фоизининг аризаларида 100 та хато топганини (шунингдек, мушукка ўхшаш имзони шубҳали деб ҳисоблаганини) билдирган. Шундай қилиб, Марказий сайлов комиссияси Дунцовага номзод кўрсатиш учун зарур имзоларни тўплашга рухсат бермади.
“Екатерина Сергеевна, сиз ёш аёлсиз, сизда ҳали ҳаммаси олдинда. Ҳар қандай минус ҳар доим плюсга айланиши мумкин, ҳар қандай тажриба барибир тажрибадир”, деган Марказий сайлов комиссияси раҳбари Элла Памфилова Дунцовага мурожаат қилиб.
Памфилова худди шундай сўзларни Алексей Навальнийга ҳам айтган, у 2017 йил декабрида судланганлиги сабабли президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмаган. Дунцованинг айтишича, МСК қарори устидан Россия Федерацияси Олий судига шикоят қилинади.
Марказий сайлов комиссияси рад жавобидан сўнг Екатерина Дунцова “Яблоко” партиясини президентлик сайловига ўз номзодини кўрсатишга чақириб, буни ташаббус гуруҳининг иккинчи йиғилишини ўтказа олмаслиги билан изоҳлаган. У “Яблоко” раиси Николай Рибаков, партия асосчиси Григорий Явлинский ва бошқа партия аъзоларига мурожаат йўллаган.
“Ўртоқлар! Россия президентлиги учун "сайлов" 17 мартга белгиланган. Ишончим комилки, ҳеч биримизда бу ҳақида иллюзия йўқ. Аммо сиз бўш қололмайсиз! Бу фуқароларнинг амалдаги ҳокимият юритаётган сиёсатга ўз норозилигини билдириш учун сўнгги қонуний имкониятдир”, дейди Дунцова ўз мурожаатида.
У “Яблоко” партиясини президентликка номзоди кўрсатиладиган қурултой ўтказишга чақирган.
Қонунга кўра, партиядан номзоднинг иштирок этиши тўғрисидаги қарор фақат унинг қурултойида қабул қилиниши мумкин, партия вакиллари эса МСКга ҳужжатларни сайловларни тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинган кундан бошлаб 25 кундан кечиктирмай тақдим этиши мумкин, яъни 2024 йил 1 январгача. Қурултойда партиянинг барча ҳудудий бўлимлари вакиллари ҳозир бўлиши шарт. Декабрь ойи бошида "Яблоко" конгресси ўтказилди ва унда президентликка номзодлар кўрсатилиши эълон қилинмади.
“Яблоко” асосчиси Григорий Явлинский партия Дунцовани президентликка номзод сифатида кўрсатмаслигини айтган.
“Бемаъни гапларни гапиришнинг ҳожати йўқ... “Яблоко” Дунцова номзодини кўрсата олмайди. Чунки биз уни танимаймиз”, дейди у YouTube'даги “Живой гвоздь” дастурида тегишли саволга жавоб берар экан.
Унинг таъкидлашича, партия съезд ўтказиши мумкин, чунки "у ёпиқ эмас", лекин, эҳтимол, у ҳеч кимни, шу жумладан, Явлинскийни ҳам президентликка номзод сифатида кўрсатмайди.
"Бизга керак эмас. Биз мақсадни кўрмаяпмиз. Биз бу ўйинни ўйнамаймиз", дея тўғри тушунтирган Явлинский.
Бироз вақт ўтгач, Дунцова расмий мурожаат қилгани маълум бўлгач, Явлинский партия унинг аризасини кўриб чиқиш-чиқмаслигини "билмаслигини" айтди.
Маълумот учун, Екатерина Дунцова 40 ёшли журналист, Ржев шаҳридан, маҳаллий шаҳар думасининг собиқ депутати. Дунцованинг веб-сайтида айтилишича, у Украинада жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши тарафдори. Ноябрь ойи ўрталарида Дунцова президентликка номзодини эълон қилганидан сўнг, у прокуратурага чақиртирилган. Декабрь ойида Дунцованинг ташаббус гуруҳини рўйхатга олиш протоколини тасдиқлаган нотариус Россия Федерацияси Адлия вазирлигидан текширув олган.
LiveБарчаси