Россия Марказий Осиёдан келган талабалар учун квоталарни оширмоқчи
Олам
−
16 Май 2023
5973Россия 2023-2024 ўқув йилида Марказий Осиё мамлакатлари талабалари учун квоталар сонини оширади. Бу ҳақда бугун, 16 май куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин “Валдай” халқаро мунозара клубининг III Марказий Осиё конференциясида маълум қилди.
Галузиннинг айтишича, 2023-2024 ўқув йилида марказий осиёлик талабаларни ўқитиш учун квота сезиларли даражада оширилиб, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари учун қўшимча 200 ўриндан, тожикистонликлар учун қўшимча 152, ўзбекистонлик талабалар учун эса қўшимча 50 ўрин ажратилади.
Шунингдек, вазир ўринбосари ҳозирда Россия Федерациясида Марказий Осиё давлатларидан 185 мингга яқин талаба таҳсил олаётгани, шундан 68 мингга яқин талаба Россия бюджети ҳисобидан ўқитилаётганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Галузин яқин келажакда бир қатор Марказий Осиё давлатларида Россиянинг етакчи университетларининг филиалларини очиш режалаштирилаётганини қўшимча қилган.
Унинг айтишича, Қирғизистонда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари: Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Қозон федерал университети ва Олий иқтисодиёт мактаби филиалларини, Ўзбекистонда эса Россия гуманитар университети, Москва давлат геодезия ва картография университети ҳамда Шимолий Кавказ федерал университетини очиш режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳозирда Ашхободда Россия-Туркманистон қўшма университетини ташкил этиш лойиҳаси келишув босқичида турибди.
“Буларнинг барчаси минтақада фаолият юритаётган университетларимизнинг 25 та филиалига мустаҳкам қўшимча бўлади", дея хулоса қилган Галузин.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Валдай” халқаро мунозара клубининг III Марказий Осиё конференциясида қатнашаётган Галузин Марказий Осиё давлатларининг айримлари Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилиши мумкинлигини айтганди.
LiveБарчаси