Россия Марказий Осиёда Америка базаси пайдо бўлиши мумкинлигига муносабат билдирди
Олам
−
13 Июль 2021
12152Марказий Осиёда янги Америка ҳарбий объектларининг пайдо бўлиши минтақа хавфсизлиги учун хизмат қилмайди. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Судат ТИВ раҳбари Марям ал-Маҳди билан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида шундай фикрни билдириб ўтди.
“Америкаликлар 20 йил давомида Афғонистонда бўлиб, демократия ғалабасини эълон қилишдан бошлаб, етарлича шошилинч тарзда кўплаб техника ва бошқа ускуналарни ташлаб кетиш билан кўп нарсани тушунишга ёрдам бердилар. Марказий Осиё давлатларининг қандай режалари борлиги ҳақида улардан эмас, минтақанинг тегишли мамлакатларидан сўраш керак. Эслатаман, улар Марказий Осиёдан ташқари Покистонга ҳам мурожаат қилишган. Покистон раҳбарияти улар бундай вариантни муҳокама ҳам қилмаётганини очиқча айтди. Ўзбекистон ҳам аналогик баёнот берди”, деган Лавров.
РФ ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари – Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг аъзолари ҳисобланади. Чет эл ҳарбий хизматчиларининг КХШТнинг ҳар қандай аъзоси ҳудудида бўлишига оид барча саволлар Низом доирасида келишилиши керак.
“Марказий Осиёда АҚШнинг янги ҳарбий объектларининг пайдо бўлиши бу минтақада хавфсизлик манфаатларига жавоб беради, деб ўйламайман. Ушбу мамлакатларнинг бирортаси КХШТга тегишли мунозараларни ўтказиш зарурлиги тўғрисида ҳеч қандай сўров юбормагани муҳимдир”, дейди РФ дипломати.
Лавров Пентагон раҳбарияти ҳарбий ресурсларини зарурат туғилганда афғон ҳудудига зарба бериш учун Афғонистон атрофига жойлаштириш имкониятини излаётганини қўшимча қилган.
“Ҳеч ким ўзини АҚШнинг бундай сиёсатининг гаровига айлантиришни хоҳламайди. Агар америкаликлар 100 мингдан ортиқ НАТО контингенти мамлакат ичида бўлганида ҳеч нарса қилолмаган бўлса, ундан анча кам ҳарбий билан мамлакат ташқарисидан қандай натижага эришмоқчилар. Ўйлашимча, бу ерда жавоб аниқ”, деган Лавров.
Унинг сўзларига кўра, бу ерда гап фақатгина америкаликларнинг Марказий Осиёга ҳарбий контингент жойлаштириш ва шу орқали минтақадаги вазиятга таъсир ўтказиш истаги ҳақида бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июль куни “Толибон” делегацияси Москвага ташриф буюрганди. Ҳаракат сиёсий идораси делегацияси Москвада ўтказилган маслаҳатлашувларда гуруҳ Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмаслигига кафолат берганди.