Россия мактабларига қанча мигрант болалар қабул қилингани айтилди
Олам
−
22 Ноябрь 2157 1 дақиқа
Россиядаги мактабларга фақатгина 19 фоиз мигрант болалари қабул қилинди. Бу ҳақда Россия Таълим назорати бошлиғи Анзор Музаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, имтиҳон топширганларнинг қолгани синовлардан ўтолмаган. Музаев асосий тўсиқлар сифатида рус тилини етарлича билмаслик ва ҳужжатларни нотўғри расмийлаштиришни айтиб ўтган.
“Ҳужжатларни тақдим этиш ва рус тили бўйича имтиҳондан ўтиш талабларига риоя қилган ҳолда, фақат 19 фоиз болалар мактабларга қабул қилинди”, деган Музаев.
Унинг таъкидлашича, талабгорларнинг 80 фоиздан ортиғи бу шартларга жавоб бера олмаган.
Қайд этиш жоиз, 2025 йилнинг 1 апрелидан бошлаб барча мигрант болалари рус тилини билиш бўйича тестдан ўтиши мажбурий бўлди.
Сентябрь ойидаги маълумотларга кўра, хорижий болаларнинг аксарияти рус тили тестини топшира олмаган. Беш ой давомида жами 23,6 минг ариза берилган, имтиҳонга эса 8 мингдан ортиқ бола кира олган, шулардан ярмидан кўпи ҳам вазифаларни бажара олмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думасига янги қонун лойиҳаси киритилганди. Унда рус тили она тили бўлган хорижий фуқароларнинг фарзандларини мактабга киришдан олдин ўтказиладиган рус тили тестидан озод этиш таклифи илгари сурилган.
Live
Барчаси