Россия мағлубиятга чидай олмаяпти – Украина мулозими
Олам
−
10:38 1481 2 дақиқа
Россия жанг майдонида муваффақиятга эриша олмаётгани сабабли Украинадаги тинч аҳолига қарши ҳужумларни кучайтирмоқда. Москва шу орқали Украина жамиятини беқарорлаштириш ва халқаро ҳамкорларни қўрқитиб, Украинага ёрдамни камайтиришга уринмоқда. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири ўринбосари Марьяна Беца маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг стратегияси ўзгармаган, бироқ тактикаси ўзгарган. Россия дрон ва баллистик ракеталар ёрдамида Украинага ҳар куни ҳужум қилмоқда. Мамлакатда бир суткада 15–20 марта ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинмоқда.
Шунингдек, Беца Украинага баллистик ракеталарга қарши мудофаа имкониятларини кучайтириш ва ҳаво мудофааси учун тутувчи ракеталар етказиб бериш зарурлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, Россия Украинадаги тутувчи ракеталар етишмаслигидан фойдаланиб, куз-қиш мавсуми олдидан ҳужумларни кучайтирмоқда.
“Ҳамкорларимиздан ҳаво мудофаасини кучайтириш ва тутувчи ракеталар етказиб беришда барча имкониятларини ишга солишни сўрадик. Бу биринчи даражали вазифа”, деган у.
Беца, шунингдек, Россиянинг босиб олинган ҳудудларидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, ўғирлаб кетилган украиналик болалар, Россияда ноқонуний ушлаб турилган ҳарбий асирлар ва тинч аҳоли масалаларига эътибор қаратган.
У Запорожье атом электр станциясидаги вазият ҳам хавотирли эканини айтиб, ядровий фалокатнинг олдини олиш учун объектга халқаро мониторинг ва кириш имкониятини таъминлаш зарурлигини билдирган.
Бундан ташқари, у Украина халқаро ҳамкорларини Россия Давлат Думаси сайловларини, жумладан, вақтинча босиб олинган ҳудудларда ўтказиладиган сайловларни тан олмасликка чақирган.
“Россиядан қўрқиш керак эмас. Ҳамкорларимиз ва Украина имкон қадар бирлашган бўлиши керак”, деган Беца.
Унинг таъкидлашича, Москва бошқа давлатларнинг қўрқувларини билади ва улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Украинада тўлиқ ва зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирган эди.
Live
Барчаси