Россия Кремлга қилинган дрон ҳужуми ортида АҚШ турганини иддао қилмоқда
Олам
−
04 Май 2023
9148Россия Кремлга қилинган дрон ҳужумининг ортида АҚШ турганини даъво қиляпти. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан бўлиб ўтган брифингда Вашингтон ўзи белгилаган вазифалар Украина томонидан бажарилаётганидан Кремлнинг хабари борлигини билиши кераклигини таъкидлаган. Бироқ у дрон ҳужумида АҚШнинг қўли борлигига бирорта далил келтирмаган.
Украина ҳам ҳужумни амалга оширгани ҳақидаги даъволарни рад этган. Кремль ҳужумга жавоб қайтариш ҳуқуқини сақлаб қолганини маълум қилган, аммо унинг жавоби қандай шаклда бўлишини очиқламаган.
Песковнинг айтишича, Россияда жавоб беришнинг бир неча вариантлари бор ва жавоб беришга тўғри келганда бу диққат билан кўриб чиқилади. У ҳозирда ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, лекин унинг натижалари қачон эълон қилинишини айтолмаслигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 3 май куни бир неча оммавий ахборот воситаларида, гўёки, кеча тунда Россия Украинага қарши илк бор ядро қуролини ишлатиши мумкинлиги ҳақидаги хабар тарқалганди. Бироқ хабар ўз тасдиғини топгани йўқ.
LiveБарчаси