Россия конституцияси муаллифларидан бири вафот этди
Олам
−
25 Июнь 2023
7688Таниқли россиялик сиёсатчи ва иқтисодчи, Россия конституцияси муаллифларидан бири Виктор Шейнис 92 ёшида вафот этди. Бу ҳақда бугун, 25 июнь куни сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси Лев Шлосберг маълум қилди.
“Шейнис мамлакатимиз учун даҳшатли кунларда оламдан ўтди, бироқ Россияга эркинлик ва тинчлик келганида, у бу вақтни бор кучи билан яқинлаштирганлар қаторида бўлади”, деб ёзган Шлосберг ўзининг Telegram-каналида.
Виктор Шейнис 1931 йил 16 февралда Киевда туғилган. Ленинград давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган. 1958 йилда Венгриядаги қўзғолоннинг совет қўшинлари томонидан бостирилишини танқид қилган мақоласи учун комсомол ва аспирантурадан ҳайдалган, кейин заводда ишлаган ва орадан бир неча йил ўтиб, фанга қайтишга муваффақ бўлган.
1982 йилда Шейнис иқтисод фанлари доктори, 1977 йилдан 1992 йилгача СССР Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтида етакчи илмий ходим, бош илмий ходим бўлиб ишлаган.
1990 йилда Шейнис Россия халқ депутатлари қурултойига сайланган. 1991 йил декабрь ойида у Олий Кенгашда СССРнинг мавжудлигини тугатиш тўғрисидаги Белавежа битимини ратификация қилиш учун овоз берган. 1993-1994 йилларда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик таклифлари комиссияси раисининг ўринбосари бўлган.
Виктор Шейнис 1993 йилда қабул қилинган Россия Конституцияси муаллифларидан бирига айланган. Ўша йили у кейинчалик “Яблоко” партиясига айлантирилган “Явлинский-Болдирев-Лукин” блокини яратишда қатнашган ва Давлат Думаси депутати бўлган. Яқин вақтгача у ушбу партиянинг федерал сиёсий қўмитаси аъзоси бўлиб қолган.
Шейнис Россия Президенти Владимир Путинни бир неча бор танқид қилган. 2020 йил март ойида у Путиннинг президентлик муддатини бекор қиладиган Россия Конституциясига киритилган ўзгартиришларга қарши Европа Кенгашига мурожаатни имзолаган.
LiveБарчаси