Россия компанияси Ўзбекистонда 4 та ГЭС қуради
Жамият
−
08 Февраль 2020
6595“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятида бошқарув раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳамда “Силовие машини” ОАЖ (Россия) бош директори Тимур Липатов бошчилигидаги компания вакиллари билан келгуси ҳамкорлик доирасидаги музокаралар ўтказилди.
Ушбу хорижий компания билан Сирдарё вилоятидаги Фарҳод ГЭС ни модернизация қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳани амалга оширишни якунлаш 2021 йилга мўлжалланган.
2020 йилда ўзаро ҳамкорлик доирасида 28,3 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ўзлаштирилади. Ушбу маблағ замонавий технология ускуналари ҳамда қурилиш-монтаж ишларига сарфланиши кўзда тутилмоқда.
Жорий йилдан эътиборан, қўшимча равишда тузилган 4 та шартнома асосида 275 МВт қувватга эга бўлган ГЭСларнинг қурилиши ҳамда модернизацияси ишлари бошланади. Бу, ўз навбатида, 138,4 млн. евро миқдоридаги кенг кўламли ҳамда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилишини англатади.
Ҳамкорликдаги янги лойиҳалар қаторига “Сардоба сув омбори қошидаги кичик ГЭС қурилиши”, “Дарғом каналининг 102+00 пикетида кичик ГЭС қурилиши ва Дарғом каналида Боғишамол кичик ГЭС қурилиши”, “Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши” ҳамда “Тўпаланг ГЭСни модернизация қилиш” инвестициявий лойиҳалари киради.
Лойиҳалар муҳимлиги жиҳатидан стратегик аҳамиятга эга бўлиб, давлат инвестициявий дастурларига киритилган. Уларнинг техник-иқтисодий асосларини тасдиқлашга оид Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинган.
2021 йил июль ойида Сардоба ГЭС (10,7 МВт), 2021 йил август ойида Дарғом каналининг 102+00 пикетида КГЭС (6,4 МВт) ва ушбу каналда Боғишамол КГЭС (6,45 МВт), 2021 йил декабрь ойида Тўпаланг ГЭС (175 МВт), 2022 йил декабрь ойида Қуйи Чотқол ГЭС (76 МВт) ни эксплуатацияга тушириш кўзда тутилмоқда.
Икки томонлама амалий ҳамкорлик доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ҳар бир лойиҳага масъуллар бириктирилди.
“Силовие машини” компаниясига ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида ишчи гуруҳини ташкил қилиш, ушбу гуруҳнинг таркибий персоналини тузиш таклиф қилинди.
Музокаралар якунида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳамда “Силовие машини” ОАЖ томонидан ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тезкор иш жадвалини ишлаб чиқишга доир масалалар юзасидан келишувга эришилган.
LiveБарчаси