Россия Киевдаги кўп қаватли уйни ракета билан урди. Жароҳатланганлар бор (фоторепортаж)
Олам
−
26 Февраль 2022
16529Россия армияси бузиб ўтмоқчи бўлган Киевдаги турар-жой биноларидан бири ракетадан ўққа тутилди.
Маълумки, Россия ва Украина ҳарбийлари ўртасидаги шиддатли жанглар уч кундан буён давом этмоқда. Мамлакатнинг иссиқ нуқталаридан бири пойтахт ҳудуди бўлиб, у ерда вақти-вақти билан фуқаролик мудофааси сиреналари эшитилмоқда. Одамлар ҳамон метро станцияларида жон сақламоқда ва улар орасида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва талабалар ҳам бор.
Бугун, 26 февраль куни эрталаб Киевнинг Лобановский кўчасидаги кўп қаватли уйга ракета снарядлари келиб тушди. Портлаш кузатув камералари томонидан ёзиб олинган.
Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати матбуот котиби Светлана Водолаганинг маълум қилишича, турар-жой биносида портлаш маҳаллий вақт билан соат 08:00 атрофида содир бўлган.
“Бинонинг 16-20-қаватлари орасидаги хонадонлар шикастланган. Олтита квартира бутунлай вайрон бўлган. Бинода ёнғин содир бўлган. 80 киши эвакуация қилинди, олти киши шифохонага ётқизилди”, деди Водолага.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба аввалроқ Киев россиялик ҳарбийлар ўқлари остида яна бир тунни ўтказганини айтган эди.
“Биз дунёни Россияни изоляция қилишга чақирамиз. Россия элчиларини мамлакатингиздан чиқариб юборинг, Россияга нефть эмбаргоси киритинг ва Россия иқтисодиётини йўқ қилинг. Ҳарбий жиноятлар содир этганлар тўхтатилсин”, деган Украина ТИВ раҳбари.
LiveБарчаси