Россия Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди
Олам
−
23 Январь
6743Бугун, 23 январь куни Россия Киевга йирик ракета ҳужуми уюштирди. Эрталаб соат 9:00 ҳолатига кўра, ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна 14 киши яраланди. Бу ҳақда Киев вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Попко Telegram-каналида маълум қилди.
Попконинг айтишича, бу 2024 йил бошидан бери Россиянинг Киевга иккинчи ракета ҳужуми.
“Дастлаб, душман Саратов вилоятидан Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолётларидан Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталарини учирди. Бу ракеталар пойтахтга икки тўлқинда кириб келди. Қирувчилар тўғридан тўғри Киев ҳаво ҳудудида бўлганида, душман пойтахтга ердан баллистик ракеталарни учирди. Киев устидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва воситалари томонидан деярли йигирмага яқин ҳаво нишонларига зарба берилди”, деб ёзади Сергей Попко Россия ҳужумининг боришини тасвирлар экан.
Айни пайтда Киев мэри Виталий Кличко Украина пойтахтида 13 киши, жумладан, уч нафар бола шифохонага ётқизилганини маълум қилди. Кличконинг сўзларига кўра, Россиянинг ракета ҳужуми оқибатида Киевнинг Соломенский, Святошинский ва Печерский туманларида бир неча бинолар зарар кўрган.
“Святошинский туманида вайроналарнинг қулаши оқибатида тураржой биносининг 1-5-қаватлари ва 4 та хонадоннинг балконлари шикастланган. Бошқа уйда портламай қолган ракета каллаги топилди, уйдаги одамлар эвакуация қилинди. Шунингдек, тумандаги тураржой бўлмаган икки қаватли бино ёниб кетди. Соломенский туманида эса портлаш тўлқини туфайли кўп қаватли уйнинг деразалари синган. Бундан ташқари, бир нечта хонадонларда ёнғин содир бўлган. Икки қаватли нотураржой ҳам вайрон бўлган. Печерский туманида тураржой бўлмаган бинога зарба берилиши оқибатида ёнғин содир бўлди. Дарницкий туманида вайроналар тушган бир нечта жойлар қайд этилган, хусусан, 9 қаватли тураржой биносининг томида ва болалар боғчаси яқинида”, дея вайронагарчиликларни санаб ўтган шаҳар мэри.
Шунингдек, Харьков шаҳри ҳам ракета ҳужумига учраган. Шаҳар мэри Игорь Тереховнинг сўзларига кўра, икки киши ҳалок бўлган, яна 38 киши яраланган.
Украина ОАВларининг маҳаллий ҳокимият ва фавқулодда вазиятлар давлат хизмати ходимларига таяниб хабар беришича, шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр энергияси узилган. Шу билан бирга, Харков вилояти полицияси бош бошқармаси тергов бошқармаси бошлиғи Сергей Болвинов ҳужум оқибатида газ қувури ёниб кетганини маълум қилди.