Россия, Хитой ва Ҳиндистон АҚШга қарши исён кўтарди – полковник Макгрегор
Олам
−
19 Июль 2023
19356Ҳиндистон, Хитой ва Россия томонидан янги валюта яратиш ғоясини амалга ошириш АҚШнинг молиявий устунлигига путур етказиши мумкин. Бундай фикрни АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп маъмуриятида мудофаа вазирининг собиқ маслаҳатчиси бўлиб ишлаган истеъфодаги полковник Дуглас Макгрегор “London Real”га берган интервьюсида билдирди.
"Хулоса шуки, янги давр бошланмоқда. 40 дан ортиқ давлат янги валютадан фойдаланиш истагини билдирган. Албатта, Ҳиндистон, Хитой ва Россия бунинг марказида, пойдеворида турибди. Бу АҚШнинг молиявий ҳукмронлигига қарши исёнга ўхшайди", дейди полковник.
Унинг фикрича, бу вақт ўтиши билан АҚШ учун ҳалокатли бўлиши мумкин. Полковник Африка, Лотин Америкаси ва кўплаб Осиё давлатлари Россияга ҳамдард бўлиб, унинг ҳаракатларини Вашингтон сиёсатига қаршилик сифатида қабул қилаётганига эътибор қаратган.
Макгрегорнинг таъкидлашича, янги валюта олтин билан қувватланади. Олтиннинг энг катта захиралари эса Ҳиндистон, Хитой ва Россияда жамланган.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 22-24 август кунлари Йоханнесбургда бўлиб ўтадиган BRICS саммити чоғида янги валюта яратилиши ҳақида расмий эълон қилиниши кутилмоқда. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин ҳам BRICS мамлакатлари Жанубий Африкадаги саммитда “умумий ҳисоб бирликлари” мавзусини муҳокама қилишини маълум қилган.
Маълумот учун, BRICS Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкани бирлаштиради. Шунингдек, Эфиопия, Жазоир, Бангладеш ва Миср ҳам BRICS’га аъзолик учун расмий ариза топширган. Гуруҳга қўшилиш истагини Аргентина, Эрон, Индонезия, Саудия Арабистони ва Туркия ҳам билдирган.
LiveБарчаси