Россия Қозоғистондан жангсиз воз кечмайди – “The Diplomat”
Таҳлил
−
11 Ноябрь 2023
20895Россия энергияга бой Қозоғистонни ўзининг геосиёсий орбитасида сақлаб қолишга астойдил интилмоқда. Ушбу Марказий Осиё давлати вақти-вақти билан Кремлдан узоқлашишга уринаётгандек туюлса-да, аммо Остона Москвага кўпроқ содиқлик кўрсатиш учун босим остида ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Diplomat” нашрида чоп этилган мақолада айтилади.
Қайд этилишича, мустақилликка эришганидан бери ва 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Қозоғистон ўзи таъкидлаганидек кўп векторли ташқи сиёсат олиб бормоқда.
“Остона шу кунгача Россия билан иттифоқчиликни, Хитой билан иқтисодий алоқаларини ва Ғарб билан яқинроқ алоқаларни ўрнатиш ниятида мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда. Қолаверса, Қозоғистон Туркий Давлатлар Ташкилоти орқали кенг туркий дунё билан интеграциялашишга интилмоқда. Остонадаги саммит Қозоғистон раҳбарияти учун нафақат ташкилотга аъзо қўшни собиқ совет давлатлари, балки гуруҳнинг амалдаги раҳбари Туркия билан ҳам икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш учун идеал имконият бўлди. Анқара Москванинг геосиёсий орбитасида анъанавий бўлиб келган минтақа – Марказий Осиёда ўз иштирокини оширишга интилаётганини жуда яхши билган Россия Қирғизистон ва Қозоғистон каби давлатларда ўз таъсирини сақлаб қолишни мақсад қилган”, дейилади нашр мақоласида.
Шу йилнинг 9 ноябрь куни Остонадаги учрашув олдидан Тўқаев рус тилининг МДҲ маконида бирлаштирувчи омил сифатидаги аҳамиятини таъкидлаб ўтганди. Шунингдек, у Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида Россия билан қўшма таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини айтиб ўтганди.
“Бу Остона расмийлари мамлакатни Украинага хос деруссификацияни амалга оширишни режалаштирмаётгани ҳақидаги рамзий хабар эди, чунки бундай ҳаракат Қозоғистоннинг Москва билан муносабатлари учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди”, дейилади “The Diplomat” мақоласида.
Россия Қозоғистоннинг энг йирик савдо шериги бўлиб, ўтган йили ўзаро савдо ҳажми рекорд даражадаги 27 миллиард долларга етган. Қайд этилишича, Қозоғистоннинг энергия экспорти йўллари шимолий қўшнисига қаттиқ боғлиқлигича қолмоқда. Ҳақиқатан ҳам, энергетика нуқтаи назаридан, Россия Қозоғистоннинг Европага асосий дарвозаси ҳисобланади, чунки Европа Иттифоқига экспорт қилинадиган нефтнинг 80 фоизи Россия ҳудуди орқали ўтади.
Бироқ, нашрнинг билдиришича, бу Остонанинг Ғарб билан яқинроқ сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ўрнатишга интилишига тўсқинлик қилмайди.
Тўқаевнинг Путин билан учрашуви Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Қозоғистонга ташрифидан 10 кун ўтмай содир бўлди. Аввал хабар берганимиздек, Россия ўз навбатида Ғарбга ишора қилиб қонуний ҳукуматни, анъанавий қадриятларни ва умуман Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларидаги вазиятни бузишга ҳаракат қилинаётганини айтиб ўтганди.
“Шу билан бирга, Россия Қирғизистон ва Ўзбекистон билан Қирғизистон ва Ўзбекистондан товарларни Туркманистон ва Каспий денгизи орқали Россия ва ундан ташқарига йўналтириш йўли билан Қозоғистонни айланиб ўтадиган Жанубий транспорт коридорини қуриш бўйича келишувга эришди. Бу Москванинг Остонанинг Ғарб билан “ноз-карашмаси”га, шунингдек, Россияни четлаб ўтувчи Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, ўрта коридордаги иштирокига муносабати бўлиши мумкинми?” дейди “The Diplomat” журналисти мақоласида.
Жорий йилнинг 19 октябрь куни Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Торебаев Ғарб санкциялари туфайли унинг мамлакати Россияга 106 турдаги маҳсулот, жумладан, учувчисиз самолётлар, ихтисослаштирилган электроника, чиплар ва шунга ўхшаш ҳарбий маҳсулотлар экспортини тўхтатганини айтганди.
Нашрнинг қайд этишича, июль ойида Қозоғистон Қирғизистондан Россияга учувчисиз учоқларнинг ноқонуний жўнатилишига тўсқинлик қилгани ҳақида хабар берилган эди, бу эса Остона АҚШ ва Европа Иттифоқига Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга йўл қўймаслик кафолатларини бажаришга уринаётганидан далолат беради.
Аммо шунга қарамай, яқинда бўлиб ўтган учрашувда Путин Қозоғистонни Москванинг энг яқин иттифоқчиси деб билишини билдирганди. Тўқаев эса ўзининг Россия раҳбари билан учрашувини тарихий аҳамиятга эга, деб таърифлаганди.
Айтилишича, Россия Президенти Владимир Путин шубҳасиз Россиянинг Қозоғистон билан муносабатларидаги статус-квони сақлаб қолишга интилади. Тўқаев эса Остонанинг ўнлаб йиллик кўп векторли ташқи сиёсатини амалга оширишда давом этмоқда.
“Украинадаги қатор таназзуллар, шунингдек, Арманистоннинг Ғарб билан яқин алоқалар ўрнатиши ва Россия таъсир зонасини тарк этишга интилиши ортидан Москва Марказий Осиёдаги энг йирик давлат бўлган Қозоғистонни иттифоқчи сифатида йўқотишга дош беролмайди. Шу сабабли, яқин ойларда Путин ва Тўқаев учрашувларини давом эттиради”, дейилади мақолада.
Келтирилишича, икки давлат раҳбарлари тез орада Минскда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида, кейин Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитида, шунингдек, МДҲ давлатлари раҳбарларининг Санкт-Петербургда Янги йил олдидан норасмий учрашувида қатнашиши кутилмоқда.
Иддао қилинишича, энергетика Россия ташқи сиёсатининг асосий ҳаракатлантирувчи омилларидан бири экани ҳисобга олинса, Кремль Остонага Россия энергетика гиганти “Росатом”га Марказий Осиё давлатида атом электр станциясини қуришга рухсат бериш учун босим ўтказиши мумкин.
“Бундай риторика Остона “Росатом” га Қозоғистоннинг ядровий келажагида ҳал қилувчи роль ўйнашига рухсат беришга тайёр эканлигидан далолат берувчи сигнал сифатида талқин қилиниши мумкинми? Бир нарса аниқ - Россия ўзининг "ҳовлиси"дан жангсиз воз кечмайди. Аммо Остона ҳам, Москванинг эҳтимолий босимига қарамай, Ғарб билан яқин иқтисодий, сиёсий ва ҳатто ҳарбий алоқаларни ривожлантиришни тўхтатмайди. Яқин ойлар ва йилларда Қозоғистонга таъсир ўтказиш учун кураш кучайиши мумкин. Остонада танлаш учун кўплаб ҳамкорлар бўлади”, дейилади нашр мақоласида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь