Россия Қирғизистоннинг 47 минг фуқароси учун мамлакатга кириш тақиқини бекор қилди

Олам 5014
image

Россия Федерацияси Қирғизистоннинг 47 минг фуқароси учун мамлакатга кириш чекловини бекор қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг бугун, 2 июль куни тарқатган хабарида сўз борган.  

“Россия ҳудудида майда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган Қирғизистоннинг 47 мингга яқин фуқаросининг Россияга киришига қўйилган чекловлар бекор қилинди”, дейилади хабарда.  

Уларнинг барчасига аввалроқ Россия ҳудудида содир этилган турли ҳуқуқбузарликлар учун Россия Федерациясига кириш тақиқланган эди. 

Бу Россия томони билан олиб борилган ишлар, жумладан, 2022 йил май ойида Қирғизистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясида бўлишининг қонунийлигини таъминлаш ва ҳуқуқий мақоми бўйича олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича амалга оширилган ишлар натижасида мумкин бўлди. 

Қирғизистоннинг 35 мингга яқин фуқароси Россия қора рўйхатида қолмоқда, улар орасида “Россия судлари қарори асосида Россиядан чиқариб юборилганлар” ҳам бор. 

“Қирғизистон фуқаролари Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция бош бошқармасининг расмий веб-сайтидаги “Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерацияси ҳудудига киришига рухсат бермаслик учун асослар мавжудлигини текшириш” хизматида ўз мақомини текширишлари мумкин”, дея эслатди Қирғизистон ТИВ.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 108
Рейтинг: 2.9
t
×