Россия Францияга газ сотишни тўхтатади

Олам 10357
image

Россиянинг “Газпром” компанияси 1 сентябрдан Франциянинг Engie энергетика концернига табиий газ етказиб беришни тўхтатади. Кеча, 30 август куни кечқурун “Газпром экспорт” МЧЖ амалдаги шартномалар бўйича июль ойида француз томонига етказиб берилган хомашё учун тўлиқ тўловларни олмаган, дея изоҳ берган Россия компанияси.

“Газпром”нинг қарори “етказиб берилган газ учун маблағлар тўлиқ олинмагунча” кучда қолади.

Айни пайтда Франция расмийлари Россиядан газ етказиб бериш камайганини кескин танқид қилди. Россия газдан қурол сифатида фойдаланаётгани аниқ, дейди Франция Энергетика вазири Аньес Панье-Рюнаше 30 август куни “Inter” радиосига.

Унинг сўзларига кўра, Франция энг ёмон сценарийга — қишгача Россия газини етказиб беришни тўлиқ тўхтатишга тайёрланмоқда. Аввалроқ, ўша куни Engie вакиллари “Газпром”нинг “шартномалар бўйича келишмовчиликлар” туфайли газ таъминотини қисқартиришини кутганини айтишган.

Энергетика вазирлиги раҳбари Франциядаги газ омборлари 90 фоиздан ортиқ тўлганини, мамлакатдаги газ захиралари эса “оддий” қишдан омон қолиш учун етарли эканлигини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат учун одатий бўлмаган совуқ об-ҳаво шароитида омон қолиш учун электр энергияси ва газ истеъмолини камайтириш керак. Франция Бош вазири Элизабет Борне 29 август куни компанияларни октябргача энергияни тежаш режаларини тайёрлашга чақириб, танқислик юзага келганда биринчи бўлиб саноат корхоналари зарар кўришини таъкидлади, чунки расмийларнинг газ ва электр энергиясини тақсимлашдан бошқа чораси қолмайди.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий агрессияси бошланганидан бери Франциянинг Engie компаниясига газ етказиб бериш кескин камайди. Бир кун аввал Engie вакиллари Жазоирнинг Sonatrach компанияси билан Францияга энергия етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича музокаралар олиб борилганини тасдиқлади. Урушдан олдин Франция мамлакатда истеъмол қилинадиган табиий газнинг тахминан 17 фоизини Россия Федерациясидан сотиб олган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 381
Рейтинг: 3
Теглар
t
×