Россия дипломати Эрон ТИВга чақиртирилди

Олам

image

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги 20 декабрь куни Марокашда бўлиб ўтган Россия-Араб ҳамкорлик форумининг VI сессияси иштирокчилари томонидан қабул қилинган якуний баёнот муносабати билан Россиянинг Теҳрондаги вақтинчалик ишлар вакилини чақиртирди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Россия элчиси мамлакатда йўқлиги сабабли Россиянинг Теҳрондаги вақтинчалик ишлар вакили Эрон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Эрон ТИВнинг билдиришича, муваққат ишлар вакилига форумнинг Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида ҳудудий баҳс мавзуси бўлган Форс кўрфазидаги учта оролга эгалик қилиш ҳақидаги баёноти муносабати билан норозилик нотаси топширилган.

Маълумотларга кўра, Россия-Араб ҳамкорлик форумининг сессиясида иштирок этган Россия ва араб мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари барча тинч йўлдаги саъй-ҳаракатларни, жумладан, Катта Тунб, Кичик Тунб ва Абу Мусо ороллари масаласини халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва БМТ Низомига мувофиқ тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ташаббус ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида таъкидланишича, Форс кўрфази давлатлари департаменти бош директори ёрдамчиси россиялик дипломатга “давлатлараро муносабатлар тизимидаги асосий тамойиллар бўлган суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш зарурлигини” эслатган.

"Ташқи ишлар вазирлиги вакили Эроннинг Форс кўрфазидаги учта орол устидан доимий суверенитетини тасдиқлади ва Эрон ҳукумати бу борадаги исталган томоннинг ҳар қандай даъвосини қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблашини таъкидлади", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 декабрь куни россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги тажовузкор гаплари ортидан Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг