Россия Британиянинг 2 дипломатини мамлакатдан қувди

Олам

image

Буюк Британиянинг Москвадаги элчихонасининг иккинчи котиби Алкеш Одедра ва элчихонанинг сиёсий бўлими биринчи котибининг турмуш ўртоғи Майкл Скиннер аккредитациядан маҳрум қилинди ва уларга икки ҳафта ичида Россияни тарк этиши кераклиги айтилди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати хабар берди.

Билдирилишича, Алкеш Одедра ва элчихона сиёсий бўлими биринчи котиби Табазум Рашиднинг турмуш ўртоғи Майкл Скиннер Россия Федерациясига кириш учун рухсат олиш пайтида қасддан ёлғон маълумот берган ва бу билан Россия қонунчилигини бузган. Шунингдек, ФХХ контрразведка ишлари давомида улар Москвадаги миллий элчихона ниқоби остида Буюк Британиянинг декларация қилинмаган разведка хизматида ишлагани аниқланган.

“Дипломатлар Россия Федерацияси хавфсизлигига таҳдид солувчи разведка ва қўпорувчилик ишларини олиб бораётгани ҳам аниқланган. Шунга асосан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда Алкеш Одедра ва Майкл Скиннернинг аккредитациясини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди ва уларга икки ҳафта ичида Россияни тарк этиш тўғрисида буйруқ берилди”, дейилади хабарда.

Махсус хизматнинг таъкидлашича, ФХХ ўзларидаги барча мавжуд усуллардан фойдаланган ҳолда хорижий махсус хизматларнинг разведка ва қўпорувчилик фаолиятига қарши курашишда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия тўққиз нафар Япония фуқаросига, жумладан, мамлакат Ташқи ишлар вазири Такэси Ивая, Япониянинг Украинадаги элчиси Масаси Накагомэ ва собиқ элчи Кунинори Мацудага мамлакатга киришни тақиқлаган эди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Британия дипломат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг