Россия Бахмутда фосфор бомбаларидан фойдалангани айтилмоқда (видео)

Олам

image

Украина Россияни қамалдаги Бахмут шаҳрига фосфорли ўқ-дорилар билан ҳужум қилганликда айблади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Украина ҳарбийлари томонидан эълон қилинган видео тасвирларда Бахмут шаҳрининг оқ фосфор ичида ёнаётганини кўриш мумкин. Аслида оқ фосфорли қуроллар тақиқланмаган, аммо улардан фуқаролик ҳудудларида фойдаланиш уруш жинояти ҳисобланади. Улар ўчириш жуда қийин бўлган тез тарқаладиган ёнғинларни вужудга келтиради. Россия бундан аввал ҳам улардан фойдаланганликда айбланган.

Украина Мудофаа вазирлигининг Twitter'да ёзишича, фосфорли ҳужумда Бахмутнинг ишғол қилинмаган ҳудудлари ёндирувчи ўқ-дорилар билан нишонга олинган. Киев махсус кучлари қўмондонлигининг қўшимча қилишича, Москва кучлари шаҳарни вайрон қилишда давом этмоқда.

Ҳужум айнан қачон содир этилгани номаълум. Аммо Украина томонидан тарқатилган тасвирлар (кузатув дрони томонидан тасвирга олинганга ўхшайди) кўп қаватли бинолар аланга ичида қолганини кўрсатади.

Ижтимоий тармоқларга жойланган бошқа видеоларда ерда олов алангаси ва тунги осмонни ёритаётган фосфорли оқ булутлар акс этган. 

Россия ўтган йили Украинага кенг кўламли бостириб киришни бошлаганидан бери, жумладан, уруш бошида Мариупол қамалида ҳам бир неча бор оқ фосфордан фойдаланганликда айбланган.

Москва эса ҳеч қачон оқ фосфор ишлатганини ошкора тан олмаган ва ўтган йили Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Украина раҳбари Владимир Зеленский ундан фойдаланилганини айтганидан кейин Россия ҳеч қачон халқаро конвенцияларни бузмаганини таъкидлаган.

Маълумот учун, оқ фосфор мумга ўхшаш модда бўлиб, кислород билан алоқа қилганда ёниб, ёрқин тутун ҳосил қилади. У 800 даража ҳароратда ёнади ва инсон танасининг ҳаддан ташқари куйишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, у жуда ёпишқоқ ва олиб ташланиши қийин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Бахмут

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг