Россия Арманистон ва Туркияни яраштиришга тайёр – Захарова

Олам

image

Москва Анқара ва Ереваннинг муносабатларни нормаллаштиришга интилишини олқишлайди ва минтақадаги вазиятни яхшилаш манфаати йўлида бу жараёнга ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда бугун, 15 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилган. 

“Арманистон-Туркия муносабатларини нормаллаштириш минтақадаги умумий вазиятни яхшилашга ва албатта, мамлакатлар ва халқлар ўртасида соғлом ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, биз Анқара ва Ереваннинг яқинда нормаллаштириш муаммоларини муҳокама қилиш учун икки томонлама мулоқотни бошлаш истагини олқишлаймиз. Ушбу мақсадлар учун улар томонидан махсус вакилларнинг тайинланиши ушбу интилишнинг ривожланишида мантиқий ва оқилона қадамдир. Ўз навбатида, биз бу жараёнга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз”, дейди у. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 13 декабрь куни Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу парламентдаги чиқишида Туркия ва Арманистон муносабатларни нормаллаштириш чораларини муҳокама қилиш учун махсус вакилларни тайинлаши ҳақида гапирган эди. 

ТИВ раҳбари, шунингдек, Ереван конструктив позицияга амал қилган тақдирда, Арманистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш имкониятини ҳам инкор этмаганди. 

Шу билан бирга, у Анқара Арманистон билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича Баку билан келишилган ҳолда ҳаракат қилишини таъкидлади. 

Арманистон ҳам Туркия билан мулоқот учун махсус вакил тайинлашини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакатнинг “турклар билан адоват" сиёсати бўйича позициясини маълум қилганди. 

“Мен яна душманлик тўғрисида гапирмоқчиман. Бу мавзуни ким қасддан кун тартибига чиқарди билмайман. “Биз турклар билан душманмизми?”, деган савол ўйлаб топишди. Албатта, биз турклар билан душманмиз, аммо бу кимдир айтаётгани учун эмас. Аммо бу душманлик бошқарилувчи бўлиши керак”, деган Пашинян.

Бош вазир минтақавий рақобатчилик бошқариб бўлмас аҳволга келишига йўл қўймаслигини, келажак авлодга тинч ва барқарор минтақани қолдириш ниятида эканини қўшимча қилган.

Ҳозирда Туркия ва Арманистон ўртасида дипломатик алоқалар мавжуд эмас. Икки давлат ўртасидаги чегара 1993 йилдан буён ёпиқ.

Давлатлар ўртасидаги келишмовчиликларга Анқара Озарбайжоннинг Қорабоғ муаммосидаги позициясини қўллаб қувватлаши ва Арманистоннинг 1915 йилда Усмонли империясида юз берган этник можарога геноцид тусини беришга уриниши сабаб бўлмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Арманистон

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг