Россия АҚШнинг Европадаги ядро қуролига муносиб жавоб қайтаради – Песков
Олам
−
06 Апрель 2023
11849Америка Қўшма Штатларининг Европадаги базаларидаги ядро қуроллари Россия Федерациясини ташвишга солмоқда. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган интервьюсида маълум қилди.
Вашингтон томонидан Европадаги базаларда ядровий қуроллар жойлаштирилиши Москвани хавотирга солмоқдами, деган саволга жавоб берар экан, у, Россияда бундай хавф бор эканини ва Москва бунга муносиб жавоб зарбаси қайтаришини билдирган.
Маълумот учун, Америка тактик ядро қуроллари ҳозирда Европанинг камида 6 та ядровий қудратга эга бўлмаган давлатида жойлаштирилган. Айрим манбаларга кўра, ҳозирда қуролларнинг бир қисми Туркиядан Руминияга кўчирилмоқда. Бундан ташқари, Кореяда ҳам АҚШ ядро қуролини жойлаштириш бўйича яширин музокаралар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 март куни Россия Президенти Владимир Путин Беларусда ўзининг тактик ядровий қуролларини жойлаштиришини айтган эди. Россия раҳбари 1 июлда Беларусь ҳудудида тактик ядровий қуролларни сақлаш омбори қурилишини якунлаш режалаштирилганини маълум қилди. 4 апрель куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу “Искандер-М” қуроли Беларусь Қуролли кучларига топширилганини айтди. Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя эса БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия расмийларининг бундай қарори “Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида”ги шартномага зид эмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Москва Минскка ядро қуролини бермаяпти, улар Россия назорати остида бўлади. Бироқ кўплаб давлатлар Путиннинг бу қароридан хавотирга тушган эди. Хусусан, Франция Президенти Эммануэль Макрон ўзининг Хитойга сафари чоғида ядровий давлатларнинг ўз қуролини хорижий давлатларга жойлаштиришига қарши эканини билдирган эди.
LiveБарчаси