Россия АҚШдан Украинага қурол етказиб беришни тўхтатишни талаб қилди
Олам
−
25 Апрель 2022
17378Москва Вашингтонга Киевга қурол етказиб беришни тўхтатиш талаби билан нота юборди. Бу ҳақда Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов “Россия-24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
“800 миллион доллар, шундай суммада Вашингтондан Киевга қурол етказиб берилади. Бу жуда катта рақам, у дипломатик ечим топишга, вазиятни ҳал қилишга ҳисса қўшмайди. Биз нота бердикми – ҳа. Биз вазиятнинг қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлаб, бу амалиётни тўхтатишни талаб қилдик”, деган у.
Антоновнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар “вазиятни оғирлаштиришга ҳаракат қилмоқда”.
“АҚШ сенаторлари очиқ айтганидек, мақсад Россия оёққа туриб олишига, Россия манфаатлари дунёда ҳурмат қилинишига, Россия овози эшитилишига йўл қўймасликдир”, деган дипломат.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилишга тайёрланаётгани ҳақида хабар бергандик. Таъкидланишича, янги ёрдам пакети аввалги “ўлчамга ўхшаш” бўлади. Бундан олдин АҚШ Украинага 800 миллион долларлик қурол-яроғ ажратганди.
Маълумот ўрнида, Қўшма Штатлар томонидан жорий йилнинг 24 февралидан буён Украинага ажратилган ҳарбий ёрдамнинг умумий миқдори 3,4 миллиард долларга, 2021 йил январидан буён эса 4 миллиард долларга баҳоланмоқда. У 1400 дан ортиқ Stinger зенит-ракета комплексларини, 5500 дан ортиқ Javelin танкга қарши ракета тизимини ва 14 000 дан ортиқ танкга қарши бошқа тизимларни ўз ичига олади.
LiveБарчаси