Россия 18 ой давомида Европадаги ядровий объектларни дронлар орқали кузатган – ОАВ

Олам

image

Россия 2024 йил охиридан бошлаб 18 ой давомида Буюк Британия, Франция, Бельгия ва Нидерландиядаги ядровий ҳамда ҳарбий объектларни дронлар орқали кузатган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ҳисоботида қайд этилишича, 2024 йил охиридан буён Европанинг ўндан ортиқ мамлакатида жами 144 та шубҳали дрон парвози қайд этилган. Тадқиқотчилар ушбу операциялар Россиянинг “соя флоти” таркибидаги кемалардан амалга оширилганини ва улар ортида Кремль турган бўлиши эҳтимоли юқори эканини қайд этган.

Нишонга олинган объектлар орасида Буюк Британиядаги RAF Lakenheath авиабазаси, Франциянинг Île Longue ядровий сувости кемалари базаси, шунингдек, Бельгия ва Нидерландиядаги АҚШ ядровий қуроллари сақланадиган ҳарбий базалар бор.

Шунингдек, ҳисоботда Россия Буюк Британия, Нидерландия, Бельгия, Франция ва Германиядаги ҳарбий объектларни кузатишга ҳамда НАТО давлатларининг ҳаво мудофааси имкониятларини синовдан ўтказишга урингани қайд этилган.

Хусусан, 2024 йил ноябрь ойида Буюк Британиядаги 4 та АҚШ авиабазаси устида бир нечта дрон кузатилган. Германияда эса 2025 йил давомида мудофаа корхоналари ва украиналик ҳарбийлар тайёргарлик ўтаётган базалар устида мингдан ортиқ шубҳали дрон парвози қайд этилган. Шунингдек, 2025 йил ноябрь ва декабрь ойларида Нидерландия ҳамда Бельгиядаги АҚШнинг B61 ядровий бомбалари сақланиши тахмин қилинаётган ҳарбий базалар, шунингдек, Франциядаги Île Longue сувости кемалари базаси устида ҳам дронлар кузатилган.

Мутахассисларга кўра, дронлар жойлашувини кузатиш қурилмалари (транспондерлар) ўчириб қўйилган “соя флоти” кемаларидан учирилган бўлиши мумкин. Айрим кемалар эса сигнал узатиш ёки дронларни қайтариб олиш вазифасини бажарган.

Ҳисоботда қайд этилишича, НАТО давлатлари ушбу дронларнинг бирортасини ҳам уриб тушира олмаган ёки қўлга олмаган. Тадқиқотчилар буни альянс ҳаво мудофааси тизимидаги жиддий заифлик сифатида баҳолаган.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг экспертлари Россиянинг эҳтимолий мақсадлари қаторида ядровий объектларни кузатиш, ҳарбий логистика ва таъминот йўлларини ўрганиш, шунингдек, психологик босим ўтказишни санаб ўтган.

Шу билан бирга, Европа ҳукуматлари ҳозирча ушбу ҳодисалар ортида Россия турганини расман тасдиқламаган. Бироқ ҳисобот муаллифлари мавжуд далиллар Кремль бу операцияларни мувофиқлаштирганини кўрсатаётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, “соя флоти” кемалари – бу одатда санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатиладиган танкерлар гуруҳи бўлиб, улар нефть ва газ ташиш билан шуғулланади. Лекин расмий ҳужжатларда уларнинг эгаси ёки келиб чиқиши яширилган бўлиши мумкин. Бундай кемалар кўпинча эски бўлади ва турли давлатлар байроқлари остида рўйхатдан ўтказилади. Уларнинг асосий вазифаси – чекловларга қарамай нефть савдосини давом эттириш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Ҳарбий-денгиз кучлари Атлантика океанида, Франциянинг Бретан соҳилларидан тахминан 740 километр ғарбда Россия нефть савдоси билан боғлиқ санкция остидаги танкерини тўхтатиб, уни Франция қирғоқларига йўналтирган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг