Россия 11 ойда мигрантларни чиқариб юборишга 830 млн рубль сарфлади

Олам

image

2025 йилнинг 11 ойи давомида Россия ҳудудлари хорижий фуқароларни маъмурий тартибда мамлакатдан чиқариб юбориш учун авиачипталар харидига 828,5 миллион рубль йўналтирди. Бу ҳақда “Тендерплан” маълумотларига таяниб, “Ведомости” хабар берди.

Нашрга кўра, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга ошган. Бу ҳажмдаги харажатлар 2026 йил учун Ингушетия бюджети тақчиллиги билан тенг.

Харажатлар ошишининг асосий сабаблари қуйидагилар:

  • ноқонуний миграция устидан назоратнинг кучайтирилиши;
  • МДҲ мамлакатлари бўйича авиачипталар нархининг ўртача 2,7 фоизга қимматлашгани;
  • “комплекс хизматлар пакетлари”га (чипта, кузатув ва тиббий таъминот биргаликда) ўтилгани.

Энг катта харажат Марказий федерал округ ҳиссасига тўғри келган – қарийб 343 миллион рубль (30,5 фоиз ўсиш). Шимоли-ғарбий федерал округда харажатлар деярли икки баравар ошиб, 206,8 миллион рублни ташкил этган. Урал федерал округи эса рекорд сакрашни кўрсатган – харажатлар 20 баравар ошиб, 537,6 минг рублдан 11 миллион рублга етган.

2025 йил февралидан бошлаб мигрантларни чиқариб юбориш ваколатлари судлардан Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларига ўтказилган. Бу жараённи тезлаштирган: эндиликда қарорни баённома тузилганидан кейинги куннинг ўзидаёқ ИИВ бўлинмаси раҳбари қабул қилиши мумкин.

Суд ижрочилари федерал хизмати маълумотига кўра, 2025 йилнинг 11 ойида мажбурий тартибда 54 минг 400 киши Россиядан чиқариб юборилган. ИИВ эслатишича, агар хорижий фуқаро давлат томонидан унинг ватанига юборилиши учун сарфланган харажатларни қопламаса, қарз тўлиқ тўланмагунча Россияга кириши тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда 2027 йил охиригача хорижий фуқароларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатланишини назорат қилувчи янги ахборот тизими яратилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрантлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг