Россия ҳаммаси учун жавоб бериши керак – Оқ уй

Олам

image

АҚШ маъмурияти Россиянинг Украинадаги босқинчилиги билан боғлиқ трибунал ташкил этиш таклифини кўриб чиқишда давом этмоқда. Бу ҳақда кеча, 14 декабрь куни журналистлар учун ўтказилган навбатдаги брифингда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди. 

Ундан Украина воқеалари контекстида трибунал яратиш ғоясига изоҳ бериш сўралган.  

“Трибуналга келсак, биз ҳали ҳам бу таклифни кўриб чиқмоқдамиз ва бу масала устида ишлаяпмиз. Биз бу ҳақда аниқ бир нарса айтишимиздан олдин бу [кўриб чиқиш] жараёни давом этишига ишонч ҳосил қилишни истаймиз”, деб жавоб берди Кирби. 

Унинг қайд этишича, АҚШ Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари учун жавоб беришини истайди. 

"Ҳозирда биз қўллаб-қувватлаётган, ҳужжатлаштирган ва таҳлил қилаётган бир қанча халқаро текширувлар олиб борилмоқда. Ва биз буни давом эттирамиз", деб хулоса қилди Кирби. 

Россиянинг Венадаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Михаил Ульянов 14 декабрь куни айтганидек, фақат БМТ Хавфсизлик Кенгаши трибунал тузиши мумкин. Агар Ғарб БМТ Бош Ассамблеяси орқали Украинадаги воқеалар бўйича ўзига хос трибунални илгари сурмоқчи бўлса, унда қабул қилинган қарорлар ноқонуний бўлади. Сентябрь охирида Европа Иттифоқи Ташқи хизмати раҳбари Жозеп Боррель “Politico” нашрига БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида “россияликларни хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш” учун мустақил трибунал яратиш зарурлиги ҳақида гапирган эди. 14 декабрь куни Европа дипломатияси раҳбари Еврокомиссиянинг трибунал ташкил этиш таклифи бўйича ЕИ давлатлари ўртасида келишмовчиликлар мавжудлигини тасдиқлади.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса уруш тугашини кутмасдан, Россия раҳбариятини ҳозирданоқ жавобгарликка тортиш учун халқаро трибунал яратишни талаб қилмоқда ва келажакда адолатнинг тегишли институционал асосини доимий қилиш зарур деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг