Россия ҳам гуруч экспортини тақиқлади. Гуруч танқис маҳсулотга айланяптими?
Жамият
−
29 Июль 2023
8003Россия гуруч ва гуруч ёрмаларини экспорт қилишга вақтинчалик тақиқ жорий қилмоқда. Чеклов 2023 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади. Бу ҳақда бугун, 29 июль куни Россия ҳукумати сайтида маълум қилинди.
Тегишли фармонни бош вазир Михаил Мишустин имзолаган.
"Гуруч ва гуруч ёрмаларини экспорт қилишда бир қатор истиснолар мавжуд. Тақиқ ушбу маҳсулотларни ЕИИга аъзо давлатлар, шунингдек, Абхазия ва Жанубий Осетияга етказиб беришга нисбатан қўлланилмайди", дейилади фармонда.
Ҳукуматнинг қўшимча қилишича, “бундан ташқари, гуруч ва гуруч ёрмалари инсонпарварлик ёрдами учунгина хорижга чиқарилиши мумкин”.
“Гуруч ва гуруч ёрмаларини экспорт қилишни вақтинчалик тақиқлаш Иқтисодиётни ривожлантириш ва интеграция масалалари бўйича ҳукумат комиссиясининг божхона-тариф ва тарифсиз тартибга солиш, ташқи савдода ҳимоя чоралари бўйича қуйи қўмитаси томонидан маъқулланди”, дейилади ҳужжатда.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарор ички бозорда барқарорликни сақлаш мақсадида қабул қилинганини қўшимча қилган.
Маълумот ўрнида, июнь ойининг охирида Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гуруч экспортини тақиқлашни 2023 йил 31 декабргача узайтиришни таклиф қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон мамлакатда дон маҳсулотлари нархининг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида оқ гуруч экспортини тақиқлаган эди.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси