Россия халқи Путинга кўпроқ ишонадими ёки Навальнийга?
Олам
−
06 Февраль 2021
12358Сўнгги вақтларда Россияда бўлаётган воқеалар, жумладан мамлакат Президенти Путинга тегишли эканлиги айтилган сарой, Ҳукуматга қарши намойишлар ва мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг қамалиши дунё эътиборини ўзига тортмоқда.
Ҳокимият манбаи ҳалқ эканлигини ҳисобга олсак, ушбу воқеалар борасида турли хил экспертлар фикридан ҳам кўра, Россия аҳолисининг кимга ишониши ва ишонмаслиги ҳамда уларнинг ўз Ватанида юз бераётган сўнгги воқеаларга бўлган муносабати муҳимроқ. Шундай экан бу борада Россиянинг “Ижтимоий фикр” жамоат фонди ва “Левада-Центр” нодавлат тадқиқот маркази ижтимоий сўровнома ўтказди. Бу сўровномада Путин ёки Навальнийга бўлган ишонч масаласи ҳам ўрин олган.
“Ижтимоий фикр” жамоат фонди томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, россияликларнинг ярмидан кўпи Россия Президенти Владимир Путинга ишонади.
Тадқиқот натижаларига кўра, сўровномада қатнашганларнинг 54 фоизи Президентга ишонч билдирган, уларнинг 34 фоизи давлат раҳбарига ишонмаслигини қайд этган. Яна 12 фоизи бу саволга жавоб беришга қийналган.
“Ижтимоий фикр” жамоат фонди ушбу сўровномани жорий йилнинг 29-31 январь кунлари Россиянинг 73 регионидаги 207 та аҳоли яшаш пунктининг 18 ва ундан юқори ёшда бўлган 3 минг киши ўртасида ўтказган.
Маълумот ўринда, ушбу фонд 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мижози Россия Федерацияси Ҳукумати ҳисобланади.
Бундан ташқари, ушбу мавзуда “Левада-Центр” нодавлат тадқиқот маркази ҳам сўровнома ўтказган.
Ушбу сўровномага кўра, Россия Президенти Владимир Путинга бўлган ишонч 29 фоизга тушган. “Левада-Центр” маълумотларига кўра, Путинга бўлган ишонч сўнгги икки йилдан бери фақат пастламоқда. 2017 йилда давлат раҳбарига бўлган ишонч 59 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 33 фоиз, айни вақтда эса 29 фоизни ташкил қилмоқда.
“Левада-Центр” сўровномаси вақтида иштирокчиларга Навальний ҳақида ҳам саволлар берилган. Маълум бўлишича, 19 фоиз иштирокчи Навальнийнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, 2013 йилда 59 фоиз одам Навальнийни танимаслигини айтган бўлса, ҳозир ушбу кўрсаткич 12 фоизга тушган.
“Левада-Центр” директори Лев Гудков сўнгги воқеалар (Навальнийнинг “Ив Роше” иши бўйича қамалиши, уни қўллаб-қувватлаб кўчага чиққан намойишчилар) жамоатчилик фикрига унчалик таъсир қилмаганини таъкидлаган.
"Одамлар буни муҳокама қилиши учун бироз вақт талаб этилади, шундан кейин баъзи стереотиплар, таърифлар шаклланади. Ҳозирда бу жараён давом этмоқда“, дейди Лев Гудков.
Ушбу сўровнома жорий йилнинг 29 январь – 2 февраль кунлари 18 ёшдан юқори бўлган 1616 нафар иштирокчи ўртасида ўтказилган.
LiveБарчаси