Россия ҳақиқий жаҳон урушига тайёргарлик кўраётгандек – Ботир Шермуҳаммад
Интервью
−
24 Сентябрь 2022
26163Агар Россияда ҳарбий ҳаракатлар кескинлашадиган бўлса, Ўзбекистоннинг мигрантларни қайтариб олиб келиш имконияти қай даражада? Бу саволга миграция масалалари бўйича мутахассис, ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад QALAMPIR.UZ билан суҳбатда “бу қийин”, дея жавоб берди.
У буни пандемия пайтидаги вазият билан таққосларкан, бир неча миллион тугул, юз минг одамни ҳам элчихона томонидан олиб келиниши жуда қийин бўлганини эслади. Ўзбекистон ҳукумати бундай вазиятда Россиядаги ўзбек мигрантларининг аҳволи ҳақида қайғуриши, фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш учун олдиндан чоралар излаши кераклигини таъкидлади.
“Давлатнинг вазифаси – олдиндан мана шундай тенденцияларни ҳисобга олиб прогноз, таҳлил қилиш. Юқорида ўтирганлар оддий ишчилар эмас, олий маълумотли инсонлар, катта мутахассислар. Шундан келиб чиқиб, хўп, эртага уруш бошланиб қолса, ёки вазият жиддийлашса, нима қилишимиз кераклигини айтиши керак. Олдиндан чоралар кўриши керак”, дейди мутахассис.
Шунингдек, у Россиядаги вазият биз билганимиздан кўра анча жиддий эканлигини айтмоқда.
“Ҳатто, Россиянинг шаҳарларидаги портлашдан сақлайдиган ертўлаларнинг хариталарининг эълон қилинганини кўрдик. Яъни ҳақиқий жаҳон урушига тайёргарлик кўрилаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, ўша ертўлаларга биров ўзбекларни киритадими, уларга бўлган муносабат қандай бўлади, бунга аниқлик киритилиши шарт”, дейди Ботиржон Шермуҳаммад.
Мутахассис бу ҳолатни ҳам пандемия давридаги вазият билан таққослади.
“Пандемия пайтида биринчи бўлиб айнан мигрантлар кўчада қолди. Биринчи бўлиб улар шартномасиз қолди, ҳамма жой ёпилди, пулсиз қолди. Оддий тил билан айтганда иш берувчилар мигрантларни ҳайдаворишди. Уларнинг ҳеч қанақа ҳуқуқлари ҳимоя қилинмади”, деб ўтмишдан хулоса чиқаришга ундамоқда ҳуқуқшунос.
У ҳукумат бундай вазиятда ҳар нарсага тайёр туриши кераклигини айтиб, пандемия пайтидаги мигрантларнинг чегарага бориб ётиб олиш ҳолатларининг такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
“Бундай ишларни Ҳукуматдан бошқа ким назорат қилади, ким таҳлил қилади, ким олдини олиш чораларини кўради? Биз фақатгина бирор фалокат юз бергандагина ҳаракатга тушиб қоламиз. Агар қайтарадиган бўлсак, нечта поезд керак, нечта самолёт, қандай олиб келинади? Менимча, бу саволларга ҳукуматда ҳам жавоб бўлмаса керак”, дейди мутахассис.
Мигрантлар масалалари бўйича эксперт ва ҳуқуқшунос Ботир Шермуҳаммад билан тўлиқ видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Президент Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра биринчи босқичда 300 минг Россия фуқароси фронтга юборилади.
Сафарбарликка оид қарор қабул қилиниши ортидан Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирил Кабанов Россия Федерациясининг 10 йилдан кам муддатга Россия фуқаролигига эга бўлган янги фуқаролари – Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун бир йил давомида мажбурий ҳарбий хизматни ўташ бўйича таклифлар тайёрланаётганини айтиб чиқди. Бу Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан кўчиб ўтган фуқароларга тааллуқли.
LiveБарчаси