Роналду захирадан тушган ўйинда “Юнайтед” “Ливерпуль”ни енгди

Спорт 3378
image

Кеча, 22 август куни футбол бўйича Англия Премьер лигасининг 3-тури доирасида “Манчестер Юнайтед” ўз майдонида “Ливерпуль”ни қабул қилди. Учрашувда “қизил иблислар” 2:1 ҳисобида ғалабага эришди.

Қайд этиш керакки, ушбу баҳс турнинг марказий учрашуви эди. Қолаверса, бу учрашувда икки жамоага ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. Сабаби “Юнайтед” дастлабки иккита турда имкониятни бой берган бўлса, “Ливерпуль” 2 та дурранг натижа қайд этди. Шунинг учун дастлабки дақиқалардан ҳужумкор ўйин бўлиши кутилганди ва амалда ҳам шундай бўлди. Дастлабки дақиқалар “қизил иблислар”нинг устунлигида бошланди. Энтони Эланга Бруно Фернандешнинг узатмасидан сўнг Алисон Бекер билан якама-якка чиқиб борди ва зарба йўллади, бироқ унинг зарбаси дарвоза устунига тегиб майдон ташқарисига чиқиб кетди. Аммо 16-дақиқага келиб, “Манчестер Юнайтед” барибир ўз мақсадига эришди. Жейдон Санчо жарима майдони ичида ажойиб ҳаракат қилган ҳолда ҳисобни очди. Голдан сўнг ливерпулликлар ҳам бироз жонлангандек бўлишди. Бироқ ҳужум чизиғидаги Муҳаммад Салоҳ ва Роберто Фирминонинг ўйини умуман қовушмади. Фақатгина Луис Диас нимадир қилишга уринди. Бунинг ўзи биринчи таймда ҳисобни тенглаштириш учун етарли бўлмади.

Иккинчи бўлим нисбатан сокин бошланди. 53-дақиқада мана шу сокинликка “Манчеастер Юнайтед” нуқта қўйди. Маркус Рашфорд қарши ҳужумга ажойиб якун ясади ва ўртадаги фарқ иккитага етди. 55-дақиқада Рашфорд дублни расмийлаштириши мумкин эди, бироқ бу сафар Алисон жамоаси жонига оро кирди. Манчестер клубида яна бир нечта голли имкониятлар юзга келди, бироқ имкониятлар кўкка соврилди. Натижада Муҳаммад Салоҳ 82-дақиқага келиб, ўртадаги фарқни биттага қисқартирди. Қолган дақиқаларда жамоалар қанчалик ҳаракат қилишмасин учрашувда бошқа ҳисоб ўзгармади. Шу тариқа, Эрик тен Хаг шогирдлари муҳим ғалабани қўлга киритди.

АПЛ. "Манчестер Юнайтед" - "Ливерпуль" 2:1

Голлар: Жейдон Санчо (Энтони Эланга) 16', Маркус Рашфорд (Антони Марсьяль) 53', Муҳаммад Салоҳ 82'

"Манчестер Юнайтед": 1. Давид де Хеа, 20. Диогу Далот (29. Аарон Уан-Биссака 86'), 19. Рафаэль Варан, 6. Лисандро Мартинес, 12. Тайрелл Маласиа, 14. Кристиан Эриксен (34. Донни ван де Бек 86'), 39. Скотт Мактоминей, 36. Энтони Эланга (9. Антони Марсьяль 46'), 8. Бруну Фернандеш, 25. Жейдон Санчо (17. Фред 71'), 10  Маркус Рашфорд (7. Криштиану Роналду 86').

"Ливерпуль": 1. Алисон, 66. Трент Александер-Арнольд, 2. Жо Гомес, 4. Вирджил ван Дейк, 26. Эндрю Робертсон (21. Константинос Цимикас 85'), 7. Жеймс Милнер (28. Фабио Карвалью 73'), 14. Жордан Хендерсон (3. Фабиньо 59'), 19. Харви Эллиот, 11. Мохамед Салах, 9. Роберто Фирмино, 23. Луис Диас.

Маълумот учун, кейинги турда “Манчестер Юнайтед” “Саутгемптон” майдонига сафар қилса “Ливерпуль” ўз майдонида “Борнмут”  қабул қилади.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.2
t
×