Сульшер “Ливерпуль” устидан қозонилган ғалаба ва Фернандеш ҳақида гапирди
Спорт
−
25 Январь 2021
4021“Манчестер Юнайтед” ва “Ливерпуль” ўтган сафар, 17 январь куни Англия Премьер Лигасининг 19-туридан ўрин олган баҳсда учрашиб, дуранг қайд этган эди. Бу икки клуб кеча, 24 январь куни Англия кубоги доирасида яна учрашиб, “Олд Траффорд”да ўзаро муносабатларга ойдинлик киритиб олди.
Голларга бой бўлган ўйинда “қизил иблислар” “мерсисайдликлар” устидан 3:2 ҳисобида иродали ғалабага эришди. Дастлаб, Муҳаммад Салаҳ томонидан ўйиннинг 18-дақиқасида киритилган гол эвазига меҳмонлар олдинга чиқиб олди. Сўнгра, Гринвуд ва Решфорднинг киритган голи “иблислар”га устунлик берди.
Учрашувнинг 58-дақиқасида урилган Муҳаммад Салаҳнинг иккинчи голидан кейин ўйинга ҳақиқий интрига қайтди. Орадан 20 дақиқа ўтгач, Фернандешнинг жарима зарбасидан киритган голи барчасига нуқта қўйди. Ҳисоб 3:2.
Ўйиндан сўнг, “Манчестер” жамоаси бош мураббийи норвегиялик мутахассис ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
“Ўтган мавсумда чемпионликни қўлга киритган жамоани енгиш – фантастика. “Ливерпуль” – ажойиб клуб.
Сўнгги йилларда турли схемаларда ўйнаб, ёмон натижа қайд этмадик. Бироқ бугунги кундаги ўйинимиз ўзимизга мос. Биз топган ушбу йўлга йигитлар билан ишонамиз. Бизнинг хусусият – ҳисобда ортда бориб, ғалаба қилиш. Бу усулни жорий мавсумда бир неча бора намойиш қилдик”, дейди норвегиялик мутахассис.
Мураббий Сульшер жамоа яримҳимоячиси Фернандешнинг “Ливерпуль”га киритган голига ҳам тўхталиб ўтди:
“Ўша вазиятда Брунонинг гол уришига ишонган эдим. Чунки у сўнгги пайтларда машғулотлардан сўнг қолиб, яна 45 дақиқа давомида жаримадан зарбалар беришни машқ қилаётган эди”, дейди Сульшер.
LiveБарчаси