Роналду ўзига қарши ўйнаган энг буюк футболчи номини айтди
Спорт
−
07 Сентябрь 2021
21262Кеча, 6 сентябрь куни британиялик журналист ва телебошловчи Пирс Морган “Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Криштиану Роналду билан бўлган суҳбат тафсилотларини маълум қилди. Унга кўра, Роналду ПСЖ ҳужумчиси Лионель Мессини ўзига қарши ўйнаган энг буюк рақиб, деб атади.
“Ўшанда биз Туринда, Роналдунинг севимли ресторанида эдик. Ўшанда у “Ювентус”да ўйнарди ва “Манчестер Юнайтед”га қайтиши ҳақидаги гап-сўзлар йўқ эди. Биз кечки овқат учун энг сара япон таомларидан едик. Спорт ва сиёсатдан тортиб, ҳатто, қотилликлар ҳақида суҳбатлашдик”, дейди Морган.
Шунингдек, суҳбат давомида португалиялик футболчи журналистнинг саволига жавоб берар экан, Лионель Мессини ўзига қарши ўйнаган энг буюк футболчи эканини айтиб ўтган:
“Сенга қарши ўйнаган энг буюк футболчи ким?’, деб сўрадим Криштиану Роналдудан. У қатъият билан “Месси”, деб жавоб берди. “У менга қарши ўйнаган футборлчиларнинг энг зўри”, деган Роналду кулиб.
Ўзининг асосий рақиби номини айтгани учун ҳайрон бўлдим ва таажжубландим. Роналду сўзида давом этди:
“Пирс, лекин сиз саволни нотўғри бердингиз. Сиз мендан энг зўр ўйинчи кимлигини сўрашингиз керак эди”, деди ва энг зўр футболчи ўзи эканлигига ишора қилиб, кулиб қўйди. У ўзини дунёнинг энг яхшиси эканига ишонади ва мен унинг фикрига қўшиламан”.
Маълумот учун, Роналду ва Месси 2008 йилдан, 2019 йилга қадар “Олтин тўп” учун кураш олиб борган. 10 йил мобайнида дунёнинг энг томошабоп қарама-қаршилиги ҳисобланган “Эль класико”да ўзаро беллашган.