Роналду Мексика ва АҚШ терма жамоаларига қарши ўйнамаслиги мумкин
Спорт
−
05 Март 3315 1 дақиқа
Саудия Арабистонининг “Ал Наср” ва Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду жароҳати сабаб Мексика ва АҚШ терма жамоаларига қарши ўйнамаслиги мумкин. Бу ҳақда Фабрицио Романо хабар берди.
Журналистнинг ёзишича, сон мушакларидан жароҳат олган Роналду икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача футбол ўйнай олмаслиги мумкин.
Жорий йилнинг 28 февраль куни Роналду “Ал-Наср”нинг “Ал-Файҳа”га қарши ўйинда (3:1) сон мушакларидан жароҳат олганди.
Шу сабаб Роналду жорий йилнинг 7 ва 11 март кунлари бўлиб ўтадиган навбатдаги икки учрашувни ўтказиб юбориши кутилмоқда. Унинг март ойи охирида Португалия терма жамоаси йиғинига қўшилиши эса тикланиш жараёнига боғлиқ бўлади.
Маълумот учун, Португалия терма жамоаси Жаҳон чемпионати олдидан сўнг тайёргарлик йиғини доирасида жорий йилнинг 29 март ва 1 апрель кунлари мос равишда Мексика ҳамда АҚШ терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, Португалия терма жамоаси Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон билан бир гуруҳдан ўрин олган.
Live
Барчаси