Роналду бойкотни тўхтатди – ОАВ
Спорт
−
13:04 1505 2 дақиқа
Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду иш ташлашини якунлади ва жамоа сафида ўйнашни давом эттиришга тайёр. Бу ҳақда “A Bola” нашри хабар берди.
Аввалроқ, португалиялик футболчи клуб раҳбариятидан норози экани, хусусан Саудия Арабистони суверен бойлик жамғармаси ҳомийлигидаги рақиб клублар – “Ал-Ҳилол”, “Ал-Иттиҳод” ва “Ал-Аҳли”га ажратилаётган инвестициялар “Ал-Наср”никига қараганда юқорилиги сабаб майдонга тушишдан бош тортаётгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Шунингдек, агар яқин ҳафталарда клуб ривожи бўйича кафолатлар берилмаса, Роналду жорий йилнинг июнь ойида трансфер сўраши мумкинлиги айтилганди.
Манбага кўра, футболчи бойкотни тўхтатган. 41 ёшли ҳужумчи жорий йилнинг 11 февраль куни ОФК Чемпионлар лигаси иккинчи плей-офф босқичи доирасидаги Туркманистоннинг “Аркадағ” клубига қарши ўйинни ўтказиб юборади. Бироқ, у 14 февраль куни Саудия Арабистони Про-лигаси 22-тури доирасида “Ал-Фатеҳ”га қарши сафар учрашувида майдонга тушиши кутилмоқда.
Нашр таъкидлашича, бойкот сабабларидан яна бири клубдаги айрим ходимлар ва персонал маошларининг кечиктирилгани бўлган. Раҳбарият барча қарздорликларни бартараф этгач, португалиялик юлдуз жамоада ўйнашни давом эттиришга рози бўлган.
Маълумот учун, Криштиану Роналду 2023 йилдан буён “Ал-Наср” сафида тўп суриб, 127 та ўйинда 111 та гол муаллифига айланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ал-Наср” жамоаси мухлислари Саудия Арабистони Премьер-лигасининг 21-туридан ўрин олган “Ал-Иттиҳод”га қарши учрашув вақтида португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналдуни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус акция ўтказганди.
Live
Барчаси