Роналду ахлоқсиз хатти-ҳаракати учун жазоланадиган бўлди
Спорт
−
29 Февраль
12759“Ал-Наср”нинг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналду ўтган ҳафта ўйинда қилган одобсиз хатти-ҳаракати учун жаримага тортилди ва бир ўйинга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Саудия Арабистони футбол федерацияси ўз баёнотида маълум қилди.
Жорий йилнинг 25 февраль куни “Ал-Наср” сафарда “Ал-Шабаб”ни мағлуб этди (3:2). Ўйинда ҳисобни очган Роналду финал ҳуштаги чалинганидан сўнг, кийим алмаштириш хонасига кетаётганда трибунадаги мухлисларга қараб ахлоқсиз ҳаракатни амалга оширди.
Роналдунинг одобсиз имо-ишораси ўйин давомида аргентиналик ҳужумчи Лионель Мессининг исмини бақириб айтган рақиб мухлисларига қаратилган. 26 февраль куни Саудия футбол федерацияси Криштианунинг қилган иши бўйича текширув бошлади.
Қайд этилишича, футболчи федерация тартиб-интизом қўмитаси регламентини бузгани учун 1 та ўйинга дисквалификация қилинган. Роналду шунингдек, 30 минг Саудия рияли (7,9 минг доллар), 20 минг (5,3 минг доллар) “Ал-Шабаб”га ва яна қўшимча 10 минг (2,6 минг доллар) миқдорида жарима тўлаши керак.
Таъкидлаш жоиз, бундай ҳолат Саудия Арабистонида португалиялик футболчи билан биринчи марта содир бўлмаяпти. 8 февраль куни “Ал-Ҳилол” – “Ал-Наср” (2:0) ўртоқлик учрашувидан сўнг майдондан чиқаётиб Роналду мухлислар футболчига қарата улоқтирган “Ал-Ҳилол” шарфини қўлига олиб, ахлоқсиз ҳаракатлар қилган. “Ал-Ҳилол” мухлислари ўйин давомида “Месси, Месси”, деб бақирган. Роналду бир неча бор трибунага қараб “Мен бу ерда ўйнаяпман, Месси эмас” деб жавоб қайтарган.