Рим Папаси Трамп ва Ҳарриснинг сайловолди дастурини қоралади
Олам
−
14 Сентябрь
4498Рим Папаси Франциск америкаликларни президентлик сайловида “камроқ ёвузлик” учун овоз беришга чақирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Понтифик АҚШда жорий йилнинг 5 ноябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловида Республикачилар партиясидан кўрсатилган номзод Дональд Трампнинг ҳам, демократ, мамлакатнинг амалдаги вице-президенти Камола Ҳарриснинг ҳам сайловолди дастурини қоралади.
“Уларнинг иккови ҳам ҳаётга қарши: муҳожирларни ҳайдаб чиқарадигани ҳам, гўдакларни ўлдирадигани ҳам. Улардан қайси бири камроқ ёвуз эканлигини ҳар бир америкаликнинг ўзи танлаши керак”,дея таъкидлаган Рим Папаси.
Маълумот учун, АҚШнинг Филадельфия штатида республикачи Дональд Трамп ва демократ Камола Ҳаррис ўртасида мамлакат президентлиги учун сайловдан олдин биринчи теледебат бўлиб ўтди. Дебат давомида Трамп 2020 йилги сайловда мағлуб бўлганини тан олишдан бош тортди ва тарафдорларининг Капитолийга бостириб кирганидан афсусда эмаслигини айтди.
Республикачи Трамп демократлар – Ҳаррис ва Байденни америкаликларни хонавайрон қилган юқори даражали инфляцияда айблади. Трамп ўз бошқарувида инфляция бўлмаганини иддао қилди. У ноқонуний муҳожирлар сонининг кўпайиши ва жиноятчиликнинг ўсишига ҳам демократларни сабабчи қилиб кўрсатди. Ҳаррисга кўра, Трампнинг америкаликлар келажаги учун ҳеч қандай тайинли режаси йўқ, унинг иқтисодий режаси мамлакатдаги вазиятни ёмонлаштиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рим Папаси Франциск дунё давлатларига мурожаат билан чиққанди. У дунёни умумий қуролсизланишга чақириб, буни халқаро ҳамжамиятнинг маънавий бурчи деб атаганди.