Рецептсиз сотиладиган дорилар рўйхати эълон қилинди
Жамият
−
12 Декабрь 16412 4 дақиқа
Ҳозирга кунда Ўзбекистонда 1846 турдаги рецептсиз бериладиган дори воситалари давлат рўйхатидан ўтган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Қуйидаги жадвалда тиббиёт амалиётида энг кўп қўлланилаётганлари билан танишиш мумкин.
Қайд этиш жоиз, ушбу жадвалда:
- 25 турдаги аллергияга қарши воситалар;
- 63 турдаги шамоллаш ва ЎРВ касалликларини даволаш учун;
- 10 турдаги жиғилдон қайнашини даволаш учун воситалар;
- 71 турдаги витаминлар ва поливитаминлар;
- 47 турдаги сурги воситалари;
- 55 турдаги оғриқ қолдирувчи ва иситма туширувчи воситалар;
- 118 турдаги антисептиклар номи келтирилган.
“Электрон рецепт” тизими
Жорий йилнинг 10 декабридан бошлаб Ўзбекистондаги айрим ҳудудларда “Электрон рецепт” тизими жорий этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тушунтиришича, “Электрон рецепт” тизимини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад – даволаш хавфсизлигини ошириш ва беморлар саломатлигини ҳимоя қилиш, шифокорларнинг дори тайинлашдаги масъулиятини кучайтириш, дори воситаларини тайинлаш жараёнини тартибга солиш, соғлиқни сақлаш тизимида рақамли ҳисобга ўтиш, шунингдек, контрафакт ёки нотўғри қўлланилаётган дори воситалари айланмаси билан боғлиқ хавфларни камайтиришдан иборат.
“Электрон рецепт” тизими ҳозирда Тошкент шаҳри ва норматив ҳужжатлар билан белгиланган 15 та туманда жорий этилмоқда. Тизимни бутун республика бўйлаб кенгайтириш 2026 йил охиригача босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу – натижаларни таҳлил қилиш, аниқланган ташкилий ва техник муаммоларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади. Кўзланган мақсад – заиф жиҳатларни аниқлаш ва тўлиқ жорий этишдан олдин механизмларни такомиллаштиришдан иборат.

Фавқулодда ҳолатларда, шунингдек, болаларга, кекса ёшдаги шахсларга ва сурункали касалликка чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда ҳеч ким зарур дори воситаларисиз қолмаслиги айтилмоқда. Ушбу тоифадаги беморлар алоҳида назоратда бўлади.
Билдирилишича, янги тизимни жорий қилиш даври мобайнида Соғлиқни сақлаш вазирлигида вазир раҳбарлигида доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ушбу гуруҳ таркибига шифокорлар, дорихона ташкилотлари ва АКТ мутахассислари киради. Ишчи гуруҳ тизимнинг амалда қўлланилишини мунтазам мониторинг қилади, фуқаролар ва тиббиёт ходимларининг мурожаатларини кўриб чиқади, поликлиникаларга тушаётган юкламани, рақамли сервислар барқарорлигини ва дори воситаларини бериш тартибини таҳлил қилади. Зарур ҳолларда тезкор тарзда тегишли тузатишлар киритилади.
Шифокор рецептисиз бериладиган асосий ҳаётий муҳим дори воситаларининг базавий рўйхати шакллантирилган. Унинг мақсади – кундалик ва фавқулодда маиший ҳолатларда аҳолига тезкор тиббий ёрдам олиш имкониятини таъминлаш. Рўйхат халқаро амалиёт, шифокорлар тавсиялари ва ҳаётий ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинган. Бу жараёнда у амалий қўлланиш натижалари ва келиб тушаётган таклифлар асосида аниқлаштирилиши ва тўлдирилиши мумкин.
Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба ҳудудларида жойлашган дорихоналарда жорий қилинган “Электрон рецепт” тизими доирасида вужудга келаётган мурожаатларни қабул қилиш учун telegram-бот – @ssv_pilotbot ташкил этилган. Ушбу бот орқали ушбу тизим ва дори воситаларини бериш билан боғлиқ барча мурожаатлар устувор тартибда кўриб чиқилади.
“Электрон рецепт” тизимини жорий қилиш жараёнлари ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жамоатчилик мунтазам равишда хабардор қилиб борилади.
Вазирликнинг асосий вазифаси – даволаш хавфсизлиги билан зарур дори воситаларининг мавжудлиги ўртасида мувозанатни таъминлаш, барча қарорларни фақат бемор манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилишдан иборат.
Маълумот учун, “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш буйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори билан 12 декабрдан бошлаб DMED электрон рецепт тизими ишга туширилади. Барча рецепт бўйича бериладиган дори-дармонлар фақат рақамли рецепт асосида берилади.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов журналистлар билан суҳбатда Ўзбекистонда рецептсиз бериладиган дорилар сони 11 825 тани ташкил этаётганини айтган эди. Мамлакатга импорт қилинаётган 4 971 та дори тури фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилади. Энг кўп дори воситалари, асосан, Ҳиндистондан кириб келмоқда.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь