Рекламага қўйиладиган талаблар етарли эмас. Сенат янги қонунни маъқуллади

Жамият 3738
image

Эндиликда вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни телеканалларда, вояга етмаганлар учун мўлжалланган телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш тақиқланмоқда. Бугун, 17 март куни Олий Мажлис Сенатида маъқулланган “Реклама тўғрисида”ги қонунда шулар ҳақида белгилаб қўйилмоқда.

Янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонунга зарурат шундаки, амалдаги қонунда умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжуд бўлиб, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган.

Хусусан, реклама фаолиятига қўйиладиган талабларнинг етарли эмаслиги, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмаганлиги кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Сабаби амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар унга 15 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шунингдек, ушбу соҳа қонундан ташқари яна 3 та идоравий ҳужжат билан ҳам тартибга солинмоқда.

Янги таҳрирдаги Қонунга қонуности ҳужжатлари нормалари ҳам киритилиб, реклама фаолиятини тартибга солувчи яхлит ҳужжат сифатида акс эттирилган.

Қонунда реклама берувчининг, реклама тайёрловчи ва тарқатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Қайд этилишича, ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси шаҳарсозлик режалаштириш ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда мавжуд биноларнинг ташқи меъморий қиёфасига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши керак.

Хусусан, ташқи реклама ва ахборот объектларини ўрнатиш чизмаси ҳамда унга киритиладиган ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий сайтларида эълон қилиниши лозим.

Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда. Жумладан, дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора, ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш тақиқланмоқда.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати вояга етмаганларни рекламадан, хусусан унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилувчи ва рекламада вояга етмаганлар иштирокини чекловчи янги нормалар билан тўлдирилганидир.

Жумладан, вояга етмаганларни хавфли вазиятларда кўрсатиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш, вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни телеканалларда, вояга етмаганлар учун мўлжалланган телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, Қонунда дори воситалари рекламасига қатъий талаблар ўз аксини топган. Эндиликда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирокидан фойдаланиш тақиқланади.

Сенаторлар муҳокамада Қонунда баён этилган айрим моддаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан боғлиқ жараёнларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, телевидение, радио, босма ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиладиган рекламага қўйиладиган талаблар бирма-бир кўриб чиқилди.

Телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 51
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×