“Реал” 12 футболчисисиз майдонга тушиши мумкин

Спорт

image

Эртага, 14 декабрь куни “Реал Мадрид” Ла Лига доирасида “Алавес”га қарши ўйинда 12 нафаргача футболчисиз майдонга тушиши мумкин. Бу ҳақда ESPN нашри хабар берди.

“Реал Мадрид”нинг франциялик ҳужумчиси Килиан Мбаппе 12 декабрь куни машғулотларга қайтган бўлса-да, унинг ҳолати ҳануз номаълум. Франциялик ҳужумчи жорий йилнинг 7 декабрь куни “Селта”га қарши “Сантьяго Бернабеу”да ўтказилган учрашувда тиззасида ноқулайлик сезгани сабаб Чемпионлар лигасида “Манчестер Сити”га қарши ўйинни ўтказиб юборган эди. Шунингдек, Мбаппенинг бармоғи ҳам синган.

Манбага кўра, Мбаппенинг “Алавес”га қарши баҳсда майдонга тушиши эҳтимолдан йироқ, гарчи бу вариант бутунлай истисно қилинмаган бўлса-да. Ҳужумчи сўнгги кунларда жамоа билан тўлиқ машғулотларда қатнашмаган.  

Жароҳатлар сабаб Трент Александер-Арнольд, Дани Карвахаль, Давид Алаба, Ферлан Менди ва Эдер Милитао ушбу турда майдонга туша олмайди. Альваро Каррерас, Фран Гарсия ва Эндрик эса дисквалификация сабаб ўйинни ўтказиб юборади. Шунингдек, Эдуардо Камавинга, Федерико Вальверде, Антонио Рюдигер ва Дин Хёйсеннинг иштироки ҳам шубҳа остида.

Бу ҳолат Хаби Алонсони жиддий муаммога дучор қилмоқда, У “Алавес”га қарши баҳсда асосий таркибдан бирорта ҳам ҳимоячини майдонга тушира олмайди. Шу сабабли Алонсо ўринбосарлар жамоасидан Виктор Вальдепеньяснинг чақириши кутилмоқда.

Маълумот учун, “Реал Мадрид” ҳозирда Ла Лигада “Барселона”дан тўрт очко ортда қолган ҳолда жадвалда 2-ўринни эгаллаб турибди. Мадридликлар сўнгги беш лига ўйинида бор-йўғи битта ғалаба қайд этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Килиан Мбаппе жароҳат “Реал Мадрид”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг