Расмий Москва Пелосининг Тайванга ташрифини очиқ провакация деб атади

Олам 12877
image
-

Аввалроқ, Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик. Россия Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирди. 

“Биз унинг ташрифини АҚШнинг Хитой Халқ Республикасини ҳар томонлама тўсиш бўйича агрессив чизиғи руҳидаги провокация сифатида баҳолаймиз. Тайвань бўғози атрофидаги ҳолатларни Хитойнинг соф ички иши, деб ҳисоблаймиз”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Қайд этилишича, Хитой томони Тайвань масаласида ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриш ҳуқуқига эга. Бу борада Россиянинг принципиал позицияси ўзгаришсиз қолмоқда.

“Биз фақат битта Хитой борлиги, ХХР ҳукумати бутун Хитойни ифодаловчи ягона қонуний ҳукумат ва Тайвань Хитойнинг ажралмас қисми эканлигидан келиб чиқамиз”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, дипломатик департамент Вашингтонни минтақавий барқарорлик ва халқаро хавфсизликка путур етказувчи ҳаракатлардан тийилишга, Америка гегемонлигига ўрин қолмаган янги геосиёсий воқеликни тан олишга чақирди.

“Биз Вашингтонни минтақавий барқарорлик ва халқаро хавфсизликка путур етказувчи ҳаракатлардан тийилишга, Америка гегемонлигига ўрин қолмаган янги геосиёсий воқеликни тан олишга чақирамиз”, дейилади расмий муносабатда.

Вазирлик эслатишича, Россия ва Хитой раҳбарларининг 2022 йил 4 февраль куни Пекинда бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича халқаро муносабатлар янги даврга кираётгани ва глобал барқарор ривожланиш масалалари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда Россия томони “ягона Хитой” тамойилига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган ҳамда Тайвань оролининг мустақиллигига қарши чиққан.

Эслатиб ўтамиз, Пелоси бошчилигидаги Америка делегацияси Тайбэйдаги “Grand Hyatt” меҳмонхонасида. АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикер 3 август куни соат 17:00 гача Тайванда бўлиши кутилмоқда. Ташриф давомида у меҳмонхонада матбуот анжумани ўтказади, Тайвань маъмурияти раҳбари Цай Инвэнь ва маҳаллий сиёсий партиялар вакиллари билан учрашади.

Ненси Пелоси унинг ташрифи АҚШ Тайванни қўллаш борасида қанчалик қатъий позицияда эканини кўрсатишини айтди.

Маълумот учун, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Осиё турнеси давомида Малайзия, Сингапур, Корея ва Японияга бориши режалаштирилган. Сафар апрель ойида амалга оширилиши керак эди. Бироқ палата спикери коронавирусга чалингач, сафар кечиктирилди.

Хитой Пелосининг Тайванга бориши муносабатларга жиддий путур етказиши ҳақида бир неча марта огоҳлантирди. Ҳатто унинг самолётини уриб тушриши мумкинлигини кўрсатиш учун Тайваньга энг яқин вилоятида ҳақиқий ўқлардан фойдаланган ҳолда машғулот бошлади. Ҳатто вилоятга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам жойлаштирилди.

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 176
Рейтинг: 3
t
×