Расмий Киев Ван Ини Украинага таклиф қилди
Олам
−
30 Июль
4610Расмий Киев Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Ини икки давлат ўртасида ривожланаётган мулоқот фонида Украинага ташриф буюришни таклиф қилди, бу контекстда келажакда улар раҳбарларининг учрашувини ўтказиш мумкин бўлади. Таклифни бугун, 30 июль куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилди.
Пекин Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларида бетараф, бироқ Москва билан яқин алоқада ва июнь ойида Швейцарияда Киев ҳомийлигида ўтказилган тинчлик саммитида иштирок этмади.
Ўтган ҳафта Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Хитойга уруш давридаги илк ташрифини амалга оширди. У Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И билан музокаралар ўтказди.
“Бу музокаралар Киев ва Пекин ўртасидаги мулоқот жуда жадал ривожланаётганининг янги далили бўлди”, дейди Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Георгий Тихи.
Киевда бўлиб ўтган брифингда Тихи давлат раҳбарлари Владимир Зеленский ва Си Цзиньпин ўртасида бўлажак учрашувни ташкил этиш бўйича ишлар давом этаётганини айтди. Уруш бошланганидан бери улар телефонда фақат бир марта – 2023 йил апрелида гаплашишган.
Тихи Кулебанинг Хитойга ташрифи “Украина ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги потенциал учрашувни яқинлаштирганини” таъкидлади, аммо бу учрашув қачон бўлиб ўтиши ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини билдирди.
“Киев Ван Ини Украинага ташриф буюришга таклиф қилди ва Пекин бу таклифга қизиқиш билдирди. Биз, вазир Ван И Россиянинг мамлакатимизга нисбатан тажовузи оқибатларини ўз кўзи билан кўриши ва қатор икки томонлама, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича чуқур икки томонлама музокаралар олиб бориши учун уни Украинада қабул қилишга тайёрмиз”, дея тушунтирди Тихи.
LiveБарчаси