Расман: Элдор Шомуродов “Башакшеҳир”га ўтди (видео)
Спорт
−
11 Июль 12498 2 дақиқа
Ўзбекистонлик 29 ёшли хужумчи Элдор Шомуродов Италиянинг ”Рома” клубидан Туркиянинг Истанбул шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи “Башакшеҳир” клубига кўчиб ўтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Истанбул клуби Элдор Шомуродовни 2025-2026 йилги мавсум сўнгига қадар сотиб олиш имконияти билан ижарага олган.
“Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси оиламизга хуш келибсан, бизнинг тўқ сариқ-тўқ кўк либосимиз билан муваффақият тилаймиз”, дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.
Маълумот учун, ўзбекистонлик ҳужумчининг “Рома” билан амалдаги шартномаси яна бир йилга мўлжалланган бўлса-да, у ўтган мавсум якунидан бери кетиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатида тилга олинаётганди.
Шомуродов сўнгги мавсумда римликлар сафида жами 37 ўйин ўтказиб, 7 та гол ва 5 та голли узатмани амалга оширди. “Рома” айни дамда UEFA молиявий фейр-плей талабларига мослашиш учун таркибни қисқартириш ва даромадларни ошириш йўлида ишламоқда, Шомуродовнинг кетиши эса бу жараённинг бир қисмига айланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ машҳур инсайдер Фабрицио Романо ушбу трансфернинг битим шартларига кўра, ижара тўлови 3 миллион еврони ташкил қилиши, шунингдек, унда 2,7 миллион еврога мажбурий сотиб олиш банди ҳам мавжудлиги ҳақида хабар берган эди. Бундан ташқари, “Рома” келажакдаги сотувдан 10 фоиз улуш олиши мумкин.
Live
Барчаси